Элликқалъада ёш фермерлар ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қандай натижа берди?

Элликқалъа туманида ёш фермерлар ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Учрашувда туман ҳокимияти вакили, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси ва Ёшлар иттифоқи қошида ташкил этилган Ёш фермерлар Кенгашининг Қорақалпоғистон Республикасидаги раҳбари иштирок этишди.

Очиқ мулоқотда Макарон заводи қуриб, 2 нафар тенгдошини иш билан таъминламоқчи бўлган ёш тадбиркор гаровга қўядиган нарсаси йўқлигини маълум қилди. Банк вакиллари унга олиб келинадиган техникасини ўзини 60 фоиз гаровга қўйиш мумкинлигини ва қолган 65 фоизга кафил топса, кредит олиш муаммо бўлмаслигини таъкидлади. Ушбу мурожаат назоратга олинди.

Яна бир ёш тадбиркор қиз дўкони ривожлантириш учун 10 млн.сўм кредит олиш истагини билдирди. Ягона дарча маркази вакили ва банк ходимлари унга кредит олиш учун керак бўлган ҳужжатлар ҳақида тушунча беришди.

Отаев Хушнуд исмли йигит болалар кийимини ишлаб чиқаришни режалаштираётганини бироқ бизнес плани ҳам, кредит учун гаровга қўядиган нарсаси ҳам йўқ эканини таъкдилади. Ёшлар иттифоқи ходимлари унга бизнес план ёзишни ўгатишни ўз зиммаларига олишди.

Машарипов Ниятулла исмли йигит чорвачилик фермасини ташкил қилишни режалаштираётганини айтди. Тегишли мутасаддилар унга кредит олиш бўйича тушунтириб ўтишди ва агар хоҳласа 10 кун давомида тажрибали фермерлар ёнига тажриба алмашишга юборишларини ва у ерда тажриба тўплаб, ундан кейин кредит олишни маслаҳат беришди.

Очиқ мулоқот давомида бирор мурожаат ўз жойида ҳал қилинмади, бироқ барча мурожаатлар назоратга олинди ва тегишлича тушунтириш ишлари олиб борилди. 

Фурқат Юсупов
Элликқалъа туманидан махсус

Бўлимлар