111 та. Амударё туман иқтисодий суди 2017 йилда шунча суд мажлисларини ўтказган

Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг ПФ-4966-сонли Фармонига асосан 2017 йил июнь ойидан бошлаб Амударё туман иқтисодий суди ташкил қилинган эди, дея ёзмоқда "amunews.uz"

Судга 2017 йил давомида жами 112 та даъво аризалар ҳамда аризалар келиб тушган. Шундан жами 111 таси иш юритишга қабул қилиниб, суд мажлислари тайинланган бўлса, 1 та даъво ариза иқтисодий судида кўриб чиқишга тегишли бўлмаганлиги сабабли қабул қилиш рад этилган. Иш юритишга қабул қилиниб, суд мажлислари тайинланган жами 111 та даъво ариза ҳамда аризаларнинг:

69 таси хўжалик юритувчи субъектлар солиқ ҳисоботларини ўз вақтида топширмаганлиги сабабли туман Давлат солиқ инспекцияси томонидан уларнинг банклардаги ҳисоб варақалар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш каби ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги;

21 таси хўжалик юритувчи субъектлар солиқ қонунчилигини бузганлиги сабабли туман Давлат солиқ инспекцияси томонидан уларга нисбатан молиявий жарималар қўллаш каби ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги;

12 таси фермер хўжаликларга ажратилган кредитлардан муддати ўтган кредит қарздорлигини ва унга ҳисобланган фоизларни ундириш, ундирувни гаров мулкларига қаратиш бўйича «Агробанк» АТБ Амударё филиали манфаатида Ўзбекистон ССП Қорақалпоғистон бошқармаси томонидан киритилган даъво аризалари;

4 таси фермер хўжаликларга ажратилган кредитлардан қарздорлигини ва унга ҳисобланган фоизларни ундириш, ундирувни гаров мулкларига қаратиш бўйича «Микрокредитбанк» АТБ Манғит филиали манфаатида Ўзбекистон ССП Қорақалпоғистон бошқармаси томонидан киритилган даъво аризалар;

2 таси хўжалик юритувчи субъектлардан кўрсатилган хизматлар хақини ундириш бўйича Қорақалпоғистон Экология ва табиатни мухофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан киритилган даъво аризалари;

яна 2 таси хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида тузилган шартномалардан келиб чиққан низолар бўйича даъво аризалари;

1 таси эса солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича боқиманда қарзларни ундиришни хўжалик юритувчи субъектнинг мол-мулкига қаратиш бўйича туман Давлат солиқ инспекцияси томонидан суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризалардир.

Суд мажлисининг тарбиявий ва профилактик ахамиятини ошириш мақсадида туман иқтисодий суди томонидан 2017 йил давомида жами 72 та иш бўйича сайёр суд мажлислари ўтказилди.

Фикр билдиришингиз учун рўйҳатдан ўтишингиз керак
Бўлимлар