Сарсенбай Сейтназаров ёш фермерларга: "Биринчи навбатда тагига машина эмас, техника олиш керак"

Тахтакўпир туманида Ёшлар иттифоқи томонидан "Ҳоким ва ёш фермерлар" учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда туман ҳокими Жамбил Адиловдан ташқари Ўзбекистон Қаҳрамони, тажрибали фермер Сарсенбай Сейтназаров ҳам иштирок этди.

С.Сейтназаров учрашув давомида ёш фермерларга ўз маслаҳатларини бериб ўтди.

"Тахтакўпирда тадбиркорлик учун керак бўлган барча имкониятлар бор. Қара терен кўли бор. Бошқа кўллар бор. Кредит олиб ўрдак боқинглар. Муаммо бўлмайди. Кейин кўпайтириб сотасизлар. Балиқчилик билан шуғулланинглар. Бунда ҳам муаммо йўқ. Айниқса Тахтакўпирда балиқчилик бўйича ҳеч қачон муаммо бўлмаган. Худо хоҳласа бўлмайди ҳам.

Ё бўлмаса кредит олиб эчки олинглар. Жудаям фойдали. Товуқ боқишдан кўра эчки боқиш осонроқ. Шунинг учун ҳам кредитга товуқ эмас, эчки олишингларни тавсия қилган бўлардим", дейди Сарсенбай ака.

Шунингдек тажрибали фермер ёш фермерларга биринчи навбатда техника сотиб олишни маслаҳат берди.

"Айрим фермерлар қўлларига пул тушса, дарров тагига машина сотиб олишади. Мен уларни айбламайман. Пул топгандан кейин уни қандай сарфлашни ўзлари ҳал қилишади. Бироқ фермер биринчи навбатда техника олиши керак. Агар техникаси яхши бўлса, фермерчилигини янада ривожлантиради ва шундан сўнг битта енгил машина эмас, 2 та, 3 та керак бўлса 4 та машина ола олади. 

Мен ҳар якашанба куни бозорларга бориб, мол, эчки, товуқни нархларини сўраб чиқаман. Буни пулим йўқлиги ёки кўплигидан эмас, ўзим қизиққаним учун қиламан. Нархларини таҳлил қиламан. Сизлар ҳам шундай қилинглар. Кўринглар, таҳлил қилинглар, ўрганинглар. Кейин бемалол фермерчилик билан шуғулланаверасизлар", дейди Сарсенбай Сейтназаров.

Фурқат Юсупов
Тахтакўпир туманидан.

Бўлимлар