Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармаси 20дан ортиқ тадбиркорни тақдирлади

Қорақалпоғистон республикаси Вазирлар кенгаши катта мажлислар залида Қорақалпоғистон Республикасидаги солиқ тўловчи жисмоний ва юридик шахсларга 2018 йилдаги солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларнинг мозмуни ва аҳамиятини тушунтириш мақсадида кўргазмали семинар ташкил этилди. Бу ҳақда ҚР ДСБ бош инспектори Н.Рузибоева “KRuz.uz”га хабар берди.

Тадбирни Вазирлар Кенгаши раиси Қ.Сариев очиб берди ва олиб борди. Кун тартибидаги асосий масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрь кунги “Ўзбекистон республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсатгичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-3454-сонли Қарори ва Қарор билан баъзи қонун ҳужжатларига ва Солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Қорақалпоғистон республикаси Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи А.Сапарбаев маъруза қилди. Шундан сўнг Бош Прокуратура ҳузуридаги Солиқ ва валютага оид жиноятлари ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи ва Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси бўлим бошлиқларининг тадбиркорлар учун яратилган енгилликлар, импорт ва экспорт борасида берилган имтиёзлар ва қулайликлар тўғрисида сўз юритилиб, йиғилган тадбиркорлани шу каби имтиёзлардан фойдаланган ҳолда қонун ҳужжатларига риоя қилган ҳолда тўғри фаолият юритишга чақирди.

Семинар давомида маърузачилар ўз нутқларида қуйидаги маълумотлар бериб ўтишди.

Хусусан, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган 2018 йилда ҳам солиқ сиёсатини амалга оширишда кескин чора-тадбирлардан воз кечилиши, барча бизнес тоифалари учун солиққа тортишни соддалаштириш ва солиқ юкини камайтириш, шу асосда ишлаб чиқаришни ва солиққа тортиладиган базани кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Президентимиз томонларидан белгиланган солиқ юкини камайтириш, солиқ маъмурчилигининг самарадорлигини ошириш борасидаги талаблар 2018 йилнинг солиқ-бюджет сиёсатида ҳам ўз ифодасини топган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 29 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-3454-сонли қарор ва “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги
454-сонли Қонун қабул қилинди.

Мазкур Қонун билан Солиқ кодексининг 47 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

2018 йил 1 январдан бошлаб фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бирлаштирилиб, солиқ ставкаси 15,5 фоиз ўрнига 14 фоиз қилиб белгиланди. (Ўтган йили фойда солиғи ставкаси 7,5 фоиз, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ставкаси 8,0 фоиз, жами 15,5 фоизни ташкил қилган.)

Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи бўйича учинчи ва тўртинчи шкаладаги ставкалари 0,5 фоизга пасайтирилиб, 16,5 ва 22,5 фоиз қилиб белгиланди ҳамда фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ўтказиладиган мажбурий бадал суммаси 1 фоиздан 2 фоизга оширилди.

Якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари ўртача 30 фоизга пасайтирилди ва тадбиркорлик субъектларини фаолият кўрсатаётган жойига қараб табақалаштириш кенгайтирилди.

Хусусан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида Солиқ кодекси ҳалол солиқ тўловчиларга солиқ солишга доир жорий масалаларни ҳал қилишда ҳар томонлама кўмак бериш орқали улар ва солиқ органлари ўртасида кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутадиган солиқ мониторинги жорий этилишини белгилаб берувчи янги Солиқ мониторинги боби билан тўлдирилди.

Бу ўз навбатида, солиқ тўловчилар томонидан солиқ мажбуриятларини бажаришда йўл қўйилиши мумкин бўлган хато ва камчиликларнинг олдини олиш, солиқ маъмуриятчилиги билан боғлиқ мунозарали масалаларни тезда ҳал қилиш, пеня ва жарималар ёзилиши туфайли молиявий аҳволнинг ёмонлашувига олиб келадиган вазиятларни бартараф этиш имкониятини беради.

Шу билан бирга, Солиқ кодексининг 54, 55 ва 354-моддаларига вақтинчалик молиявий қийинчиликларга учраган ҳалол солиқ тўловчиларга – хўжалик юритувчи субъектларга солиқ таътилларини бериш тартибини белгиловчи ўзгартиришлар киритилди.

Бундай солиқ тўловчилар охирги икки йил ичида солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажариб айни вақтда вақтинчалик молиявий қийинчиликларга дуч келган солиқ тўловчилар ҳисобланиб, солиқ таътиллари тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан йигирма тўрт ойгача бўлган муддатга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш, солиқ мажбуриятларини бажариш муддатларини ўзгартириш кўринишида тақдим этилади.

Якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган ва муқаддам тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши натижасида юзага келган солиқ қарздорлигига эга бўлган фуқароларга – жисмоний шахсларга банкротлик қўлланилиши белгиланиб, бу борада Фуқаролик кодекси, Солиқ кодекси ҳамда “Банкротлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг бир неча моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Шунингдек семинар давомида солиқ қонунчилигига риоя қилган ҳолда намунали равишда фаолият кўрсатаётган республиканинг 20дан ортиқ тадбиркорлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатини кенг жамоатчиликка етказишдаги фаоллиги учун 3 та оммавий ахборот воситаларининг вакиллари тақдирланишди.

Тадбир сўнгида солиқ тўловчилар ўзларини қизиқтирган ва ечимини кутаётган масалалар юзасидан саволлар билан мурожаат қилиб мутасадди идораларнинг вакилларидан тегишли жавоблар олди ҳамда тадбиркорларнинг таклифлари тингланди.

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz

Бўлимлар