"Ҳеч нарса ёзманглар. Бу мажлис эмас. Очиқ мулоқот" - Ёшлар иттифоқининг очиқ мулоқотлари

26 январ куни Мўйноқ, Қўнғирот, Қонликўл туманларида -15 градус совуқ бўлишига қарамасдан, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Ўткир Шукуров ҳамда иттифоқнинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Абат Данияров ушбу туманларга бориб, ёшларнинг муаммоларини ўрганиб чиқишди.

- Иттифоқнинг мактабдаги етакчилари ўқувчиларга ўқитувчи эмас, дўст бўлиши керак, - дейди Ўткир Шукуров. - Ўқувчилар билишиади, кимни қандай муаммоси бор эканини, ким ёмон йўлга қараб кетаётганини. Лекин улар буни катталарга айтишмайди. Агар етакчи ўқувчилар билан дўст бўлса, улар билан яхши муносабатда бўлса, бемалол уларнинг муаммоларини ўрганишлари ҳамда ана шу муаммоларнинг олдини олишлари мумкин.

Қўнғирот туманида етакчилар туман учун марказий кутубхона ташкил этиш таклифини билдиришди. Ушбу таклиф ўрганиб чиқилиб, кейин унга жавоб қайтарилиши таъкидланди.

"Ҳеч нарса ёзманглар. Бу мажлис эмас. Очиқ мулоқот", дея Қонликўлда ёшлар билан учрашувда сўз бошлаган Ўткир Шукуров еакчиларга бу йил асосий учта нарсага эътибор қаратилишини таъкидлаб ўтди. Биринчиси тизимли малака ошириш, иккинчиси етакчиларни психология бўйича ўқитиш ва учинчиси тарқатма материаллар тарқатиш.

Эътиборга молик жиҳати етакчилар билан очиқ мулоқотда фақат ёшлар эмас, балки уларнинг ота-оналари ҳам айрим муаммолар ҳақида тўхталиб ўтишди. Жумладан бир мактабда ўқувчилар учун компютер йўқлиги бўйича билдирилган мурожаат назоратга олинди.

Шунингдек етакчилар ички туризмни ривожлантириш мақсадида қонликўллик ёшларни Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига саёҳатга олиб бориш бўйича таклиф киритишди. Туман ҳокими ўринбосари йўл ҳаражатларини туман ҳокимлиги ўз зиммасига олишини айтган бўлса, ёшлар иттифоқи ўқувчиларнинг турар-жойларини ўз зиммасига олди.

Очиқ мулоқотлар Қорақалпоғистон Республикасининг бошқа туманларида ҳам давом этади.

Фурқат Юсупов

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz

Бўлимлар