Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазирига 100 та «сирли мижоз» тадбири ўтказиш топшириғи берилди

Фуқароларга давлат хизматлари кўрсатувчи ходимларнинг ўз ишига қанчалик ҳалол ва виждонан ёндашаётганини аниқлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан мунтазам равишда «сирли мижоз» тадбирини ўтказиш йўлга қўйилган. Бу ҳақда адлия идораларининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида Адлия вазири Русланбек Давлетов маълум қилди, деб хабар беради ЎзА, дея ёзмоқда "daryo.uz"

Бунда вазирлик ходими нотариус, ФҲДЁ идораси ёки давлат хизматлари кўрсатиш марказига мижоз сифатида боради. Улардан бирор хизмат кўрсатишни сўрайди. Бундан бехабар ходим эса...

«Сирли мижоз» Янгийўл тумани давлат хизматлари кўрсатиш марказига янги корхона ташкил этиш истагида борган. Масъул ходим эса мижозга 400 минг сўм олиб келсангиз, ишингиз битади, деб айтган ва унинг қўлига ташриф қоғозини тутқазган.

Урганч тумани давлат хизматлари кўрсатиш марказига хорижий корхона очиш истагида борган «сирли мижоз» қўлига ўз кучини йўқотган ҳукумат қарори тутқазилган.

Ана шундай хуфёна ўрганиш натижасида қўпол қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйган 17 ходим ишдан бўшатилди.

Мажлисда бундай ҳолатларга асло тоқат қилиб бўлмаслиги, уларга барҳам бериш борасида барча имкониятлар ишга солиниши қайд этилди.

Вазирлик томонидан «сирли мижоз» тадбирини ҳудудий адлия органлари томонидан ҳам ўтказилиши топширилган. Бироқ жойларда бунга панжа орасидан қаралган. Яъни «сен менга тегма, мен сенга тегмайман», қабилида.

Видеоконференцалоқа тизими орқали мажлисда иштирок этаётган Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазиридан бу борада қандай иш қилингани сўралди. Лекин ижобий жавоб олинмади. Унга биринчи чорак якунигача 100 та «сирли мижоз» тадбири ўтказиш топшириғи берилди. Бухоро, Сурхондарё адлия бошқармалари томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар ҳам танқид қилинди

Бўлимлар