Тахиатошда XII-XIII асрларга тегишли буюмлар топилди

Тахиатош туманидаги “Кенегес” овул фуқаролар йиғини ҳудудида XII-XIII асрларга тегишли археологик ашёлар, хусусан, кулолчилик ва чинни буюмлари топилди. Бу ҳақда "Халқ сўзи" хабар бермоқда.

— Ўзига хос, ажойиб нақшлар билан безатилган ушбу топилмалар чиндан ҳам фан учун янгилик бўлди, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли археолог олим Ғайратдин Хожаниязов. — Бу нодир буюмлар топилган жой, яъни экин даласини бориб ўрганганимизда, қазиб тозаланган ариқ бўйида яна кўплаб кулолчилик идишлари қолдиқларини учратдик. Демак, бу ерда мозийда қандайдир археологик иншоот жойлашган.

Ноёб топилмалар Тахиатош туманидаги 4-умумтаълим мактабининг археологик музейи экспонатлари қаторидан жой олди.

— Яқинда қўлга киритилган мазкур археологик ашёлар туфайли музейимизга ташриф буюрувчилар сони ҳам ортмоқда, — дейди мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Оролбой Нуржанов. — Ҳозир бу ерда 1500 дан зиёд экспонатлар сақланмоқда. Айниқса, халқимизнинг миллий кийим-кечаклари, тақинчоқлари, меҳнат қуроллари билан танишиш мумкин. Музейимизга нафақат Оролбўйи, қўшни вилоятлар, балки Германия, Қозоғистон каби хориж давлатларидан ҳам меҳмонлар тез-тез ташриф буюради. Ўз навбатида Нукус шаҳри, Чимбой, Хўжайли, Кегайли туманларидаги мактаблар ўқувчиларининг мазкур маданият масканига саёҳат уюштиришлари ҳам яхши анъанага айланган.

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz

Бўлимлар