Устюртда тарқалган мия ўсимтасининг олдини олишда тенги йўқ дармон - «олтин томир» хорижда 500 долларгача баҳоланмоқда

Амударё дельтаси, Қизилқум ва Устюрт кенгликларида тарқалган ва «чўл женшени», «саҳродаги ҳаёт илдизи», «олтин томир» номлари билан аталувчи систанхе ўсимлиги фармацевт олимлар эътиборини тортмоқда. Бу ҳақда Қорақалпоғистон ахборот агентлиги хабар бермоқда, дея ёзади daryo.uz.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг экология ва тупроқшунослик кафедраси доценти Низаматдин Мамутовга кўра, 2 минг йилдан буён Хитой тиббиётида фойдаланиб келинаётган бу ўсимлик кўп касалликларга даво ва умрни узайтириш хусусиятига эга. Систанхе бўғинлардаги оғриқлар, буйрак касалликларини даволаш, шунингдек, хотира ва иммунитетни мустаҳкамлаш, асабни тинчлантиришда, айниқса, мия ўсимтасининг олдини олишда тенги йўқ дармон ҳисобланади.

Устюрт кенгликларида тарқалган «олтин томир» хорижда 500 долларгача баҳоланмоқда

 

— Бир-икки йил аввал Шимолий Корея ва Хитойдан келган дори тайёрловчилар ушбу ўсимликни аҳолидан кўп миқдорда сотиб олиб, юртларига олиб кетишарди, — дейди Н.Мамутов. — Эшитишимча, халқаро бозорда майдаланган систанхенинг бир килограмми 200-500 долларгача нархланар экан.

Систанхе саксовул, қандим сингари ўсимликлар илдизида учрайди, Қорақалпоғистонда унинг 4 тури ўсади. 

Систанхе Шимолий Африка, Марказий Осиё ва Пиреней ярим ороли чўлларидагина ўсади. Япония, Хитой ва Қозоғистон фармацевтикаси билан косметологиясида кенг қўлланилади. Ҳозирги вақтда Қозоғистон Марказий Осиёда систанхени қайта ишлаб, экспорт қилаётган ягона давлат бўлиб, унинг асосий харидорлари Япония, Хитой ва бошқа шимоли-шарқий Осиё давлатларидир. Қозоғистоннинг Жамбил вилоятидаги цехда йилига 100 тоннадан ортиқ қуритилган систанхе етиштирилади. Қимматли хом ашё сифатида мазкур ўсимликка бўлган талаб йилдан йилга ортмоқда. 

— Қорақалпоғистонда шифобахш хусусиятга эга, бебаҳо ўсимликлар жуда кўп, — дейди Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Табиий фанлар илмий-тадқиқот институтининг ўсимликлар экологияси лабораторияси бошлиғи, биология фанлари номзоди Холида Матжонова. — Ҳозир ҳудудда ўсадиган 1110 турдаги ўсимликнинг 37 фоизи (410 дан зиёд тури) шифобахш хусусиятга эга. Орол денгизининг қуриб қолган қирғоғида ўсадиган 73 турдаги ўсимликнинг 13 тури, Устюртда 85 ва саҳроли ҳудудларда 66 турдаги шифобахш ўсимликлар топилган. Улардан 45 га яқини камайиб кетаётган, кам учрайдиган ва йўқ бўлиш кетиш арафасида турган шифобахш ўсимликлардир. Хусусан, қўнғир қумузум, оддий унаби ва юраксимон торол шифобахш ўсимликлари Қизил китобга киритилган. 

Устюрт кенгликларида тарқалган «олтин томир» хорижда 500 долларгача баҳоланмоқда

 

Лабораторияга қарашли ерда ва Фанлар академиясининг Ботаника боғида ҳозирги вақтда календула, донник, топинамбур сингари 23 турдаги маҳаллий шифобахш ўсимликлар устида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. 2012- йилдан коврак, печак, адираспан, қашқарбеда ўсимликларини дори учун хом ашё сифатида фойдаланиш мақсадида маҳаллий шароитда ўстириш, биологик хусусиятларини ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда. 

Шунингдек, маҳаллий олимларнинг тадқиқотлари Орол денгизининг шимолий томонларида бошқа юртларда учрамайдиган 60 дан ортиқ турдаги ўсимликлар борлигини кўрсатди. Улардан Королков чирмовуғи, Берг бойчечаги, тўрсимон бойчечак, Боршов пиёзи, Туркистон сарсабили, Леманна ковраги, кўп пояли девясил ёввойи ўсимликлари шифобахш хусусиятга эга.

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz

Бўлимлар