Тебинбулоқ кони 2024 йилда тўлиқ ишга туширилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 15-16 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида Қораўзак туманидаги темир рудасининг катта резервига эга Тебинбулоқ конини ўзлаштириш истиқболлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтган эди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси  расмий сайти хабар бермоқда.

Орадан бир ой ўтиб-ўтмай, 2018 йил 12 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тебинбулоқ кони негизида тоғ-металлургия комплекси қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ишларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. 

Қарорга мувофиқ, бу конни ўзлаштириш икки босқичда амалга оширилади: 2021 йилдан бошлаб йилига 1 миллион тонна пўлат ишлаб чиқарилади ва мажмуа 2024 йилда тўлиқ ишга туширилади. Шунингдек, лойиҳада чўян ва пўлат олишда домен бўлмаган технологияни қўллаш назарда тутилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси томонидан “Тебинбулоқ конида келгусида чўян ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш” лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари тасдиқланди. 
Бу йўналишдаги ишларни амалга ошириш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти таркибида махсус дирекция ташкил этилди ва унинг харажатларини мазкур акциядорлик жамияти маблағлари ҳисобидан молиялаштириш белгиланган.

Лойиҳани амалга ошириш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Раматов раҳбарлигида ишчи комиссияни тузиш белгиланди. Ишчи комиссия зиммасига лойиҳани амалга ошириш, қурилиш ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши юзасидан мутасадди вазирликлар ва муассасалар фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторинг ўтказиш юклатилган. 

Инвестицияларни жалб этишга йўналтирилган янги дастурга мувофиқ 2018-2019 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида умумий қиймати 4,5 триллион сўмлик 1300 дан зиёд лойиҳа амалга оширилади ва қарийб 10 минг иш ўрни яратилади.

Бу – Қорақалпоғистон Республикаси юртимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида тутган ўрни ва роли тобора ортиб бораётганидан дарак беради.

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz

Бўлимлар