Бошланғич синф ўқувчилари ҳафтасига беш кун ўқиши тасдиқланди

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан таълим тизимининг барча босқичида муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Энг асосийси, бу ўзгаришлар натижасини юртдошларимиз фарзандлари тақдири мисолида яққол ҳис этаяпти.

Хусусан, жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфлари ҳафталик ўқув давомийлиги 5 кун бўлган ўқиш жараёнига ўтказилиши ҳаётий ислоҳотлардан яна биридир.

Халқ таълими вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 февралдаги йиғилиш баёнида умумтаълим мактабларининг бошланғич синфларини (1 — 4-синфлар) ҳафтасига 5 кунлик ўқиш жараёнига ўтказиш вазифаси белгиланган. Бундан кўзланган асосий мақсад ота-оналарнинг фарзандлари билан оилавий дам олишларига янада кўпроқ имконият яратиш, ота-она ва фарзандлар ўртасида меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш ҳамда оилавий анъаналарни шакллантиришдан иборатдир. Шунингдек, бундай имконият орқали ўқувчилар ота-оналари билан биргаликда театр, музей ва тарихий обидаларга саёҳат қилишларига замин яратилади. Қолаверса, ҳафтанинг шанба кунлари муассасаларда ўқувчиларнинг қизиқишлари ва хоҳиш-истакларидан келиб чиққан ҳолда, турли фан тўгараклари, спорт секциялари ва маънавий-маърифий тадбирлар ҳам ташкил этилади.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида шу йилнинг 1 мартидан эътиборан республикадаги барча умумтаълим мактабларининг 1-синф ўқувчилари ҳафтасига 5 кунлик ўқишга ўтади. Янги ўқув йилидан эса босқичма-босқич қолган бошланғич синфлар ҳам ҳафтасига 5 кунлик ўқишга ўтказилади. 
Шу муносабат билан ҳозирги пайтда вазирлик ва ҳамкор ташкилотлар томонидан жойларда ота-оналар ўртасида кенг қамровли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур янгилик маҳаллаларда, оилаларда, таълим муассасалари ҳамда ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама этилаяпти. Ота-оналар, жамоатчилик вакиллари, ёшлар билдираётган фикрлардан умумий хулоса шуки, барча юртдошларимиз мазкур хабарни мамнуният билан қабул қилаётир.

— Уч нафар фарзандим бор, — дейди Тошкент вилояти, Янгийўл туманида яшовчи Севара Шамсиддинова. — Каттаси биринчи синфда ўқийди, иккинчиси боғчага боради, учинчиси эса бир ярим ёшда. Турмуш ўртоғим эрта ишга кетади, қизимни ўзим мактабга олиб бораман. Шоша-пиша келиб, иккинчиси билан боғчага югураман. Уйга қайтиб, кичкинамга қарайман, овқат пишираман дегунимча, катта қизимнинг дарслари тугаётган бўлади. Яна унга боришим керак. Шу тарзда олти кун югур-югур... Қизим шанба куни мактабдан чарчаб келади, дарсларини ўзлаштиришда мендан кўмак сўрайди. Мен эса атиги бир кунлик дам олиш куни — якшанбада эса уларнинг кийимларини ювиш, дазмоллаш, ювинтириш ҳақида ўйлаб, ўқишга эътибор қилишга вақтим етмайди. Дадаси эса ишдан жуда кеч, чарчаб қайтади. Мактабда бошланғич синфларнинг 5 кун ўқишидаги хабарни эшитиб, жуда ҳам мамнун бўлдим. Биздек ёш оилаларни ўйлаб, шундай хулосага келганлардан миннатдормиз. 
Болалар психологи Нигора Камолованинг айтишича, олти кунлик дарслар ёш болаларга оғирлик қилади.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz

Бўлимлар