11 дақиқа кеч бошланиб, бошловчисиз ўтган Арепбай Алланиязовнинг концертидан репортаж

25 феврал куни Нукус шаҳридаги Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат академик мусиқа театрида қорақалпоқ эстрадаси вакили Арепбай Алланияозвнинг «Халқим қучоғида» деб номланган илк яккахон концерт дастури бўлиб ўтди.

Икки сеансдан иборат дастурнинг биринчи сеанси, яъни 15:00 да бошланган дастурдан махсус репортаж тайёрладик.

Концертга зал 98 фоизга тўлди. Лекин ҳалиям битта эски камчилик бор. У ҳам бўлса биров бировнинг ўрнига ўтирган томошабинлар. Айрим инсонлар чиптасида кўрсатилган ўриндиққа эмас, бошқа жойга ўтириб олишганига гувоҳ бўлдик.

Соат 15:00да бошланиши керак бўлган концерт 11 дақиқа кеч бошланди. Бироқ бу томошабинларни хафа қилмади. Ҳар ҳолда улар орасида норозиликлар бўлмади. Саҳнага Арепбай Алланиязов чиқиб келганида мухлисларининг қарсаклар билан қарши олишганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Мухлислар орасида 7 ёшдан 70 ёшгача бўлганларни учратиш мумкин эди ва уларнинг асосий қисми ўрта ёшлиларни ташкил этди.

Арепбай Алланиязов устози Махсет Ўтемуратов сингари ўз концертида ўзи бошловчилик қилди. Умуман олганда бошловчининг йўқлиги билинмади ҳам. Зеро хонанданинг ўзи буни яхши ижро этди. Саҳна яхши безатилган дея оламиз. Мониторнинг борлиги эса янгилик бўлди. Ҳар бир қўшиқ фонида хонанданинг клиплари кетиб турди.

Кийиниш услуби ҳақида. Дастур давомида уч марта кийим алмаштирган хонанда, фақатгина классик услубдан фойдаланди. Ортиқча нарсалар йўқ эди.

Концертнинг илк меҳмони ўзбек эстрадаси вакили Анвар Ғаниев бўлди. Мухлислар уни олқишлар билан қарши олишди. Иккита қўши ижро этган А.Ғаниевга Арепбай саҳнада зарбдор тўн кийдирмади. Бу ишни у саҳна ортида бажаришни мақул кўришини таъкилаб ўтди.

Шундан сўнг саҳнага дастурнинг бош ҳомийси CIEL компанияси вакили чиқиб, компания ҳақида қисқача маълумот бериб ўтди ва ундан кейин ўриндиқлар тагига яширилган ютуқли ўйин ҳақида эълон қилиб, омадли мухлисларга компания томонидан махсус совғаларни топширди.

Қисқа танаффусдан сўнг яна саҳнага қайтган хонанда болалар уйи тарбияланувчилари билан бирга дуэт қўшиқ ижро этди. Бу қўшиқ кўпчиликни таъсирлантириб юборди десам, алсо муболаға бўлмайди.

Томошабинлар хонандани гулларга «кўмиб» ташлашди. «Байғуйс анна» қўшиғидан сўнг хонанда гулларнинг бирини олиб, саҳнадан пастга тушган ҳолда ўз онасига совға қилди.

Шу куни концертга бир қатор маданият ходимлари ташриф буюришган эди. Арепбай устози Нажматдин Муҳаммединовни саҳнага таклиф қилди ва унга тўн кийдирди. Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси мадҳиясини басталаган 80 ёшли бастакор жонли овозда қўшиқ куйлаб берди.

Ундан сўнг кўпчилик кутган меҳмон Дилноза Исмияминова саҳнага чиқди ва кетма-кет иккита қўшиқ ижро қилди. Иккинчи қўшиғи эса ҳали ҳеч қаерда айтилмаган эди. Бироқ кўпчилик кутган дуэт бўлмади.

Арепбай саҳнага қайтишни хоҳламади шекилли, унинг ўрнига Байрам Пердебаев чиқди ва бир қўшиқ айтди.

Мухлислар Арепбайни кутаётган бир паллада, яна бошқалар саҳнага чиқишди. Бу сафар театрнинг ижодий гуруҳи томонидан қизиқарли саҳна кўриниши қўйиб берилди.

Саҳна кўриниши ортидан, яна шундай саҳналаштирилган шоу қўйилди ва шундан кейингина «Сариқ қиз» дея хониш қилиб Арепбай саҳнага қайтди. Қўшиқ тугаганидан сўнг хонанда қўшиқ сўзини ёзган Марат Нағметуллаевни юқорига таклиф этди.

«Назланаверме» қўшиғидан кейин «Хийвали гўззал» таронаси бошланди ва бу қўшиқ фонида ажойиб саҳна кўриниши ҳам қўйиб берилди. Актёрлар саҳнадан пастга тушиб томошабинларни рақсга тушишга «мажбур» қилишди. Жумладан улар сафида Шираз Нуратдинов ҳам бор эди.

Арепбай Алланиязов «Қизғанаверме» қўшиғини ижро этганда томошабинлар қаторига тушиб, улар билан бирга рақсга тушди. Концерт якунида хонанда Дилноза Исмияминова билан биргаликда дуэт ижро этди.

Хуллас 2 соату 10 дақиқа давом этган дастур ажойиб тарзда ўтди. Келган мухлислар ҳам маданий хордиқ чиқаришди десам нотўғри бўлмаса керак.

Дарвоқе, саҳна ортида меҳнат қилганлар ҳақида кейинроқ батафсил маълумот бериб ўтамиз.

Фурқат Юсупов тайёрлади

Расмлар муаллифи Бауржан Ботабаев.

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz

Бўлимлар