Ўқитувчилардан қайси ҳужжатларни тақдим этиш ҳамда ҳисоботларни талаб қилиш қатъиян ман этилган?

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати бироз аввалроқ «Kun.uz» сайтида нашр қилинган «Ўқитувчини бухгалтерликдан қутқаринг!». Таълим тизими муаммолари ҳақида» сарлавҳали мақолага муносабат ўлароқ раддия берди.

Сўнгги пайтларда баъзи оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ўқитувчиларнинг иш ҳужжатлари кўплиги, ҳисоботлар тўлдириш уларнинг асосий вақтини эгаллаётгани ва натижада ўқитувчи дарсга пухта тайёргарлик кўра олмаётгани тўғрисидаги асоссиз фикр мулоҳазалар эълон қилинмоқда.

Ҳолбуки, Халқ таълими вазирлиги педагогларни турли қоғозбозликдан халос этиш ва уларнинг асосий иш фаолиятини ўқувчилар билан ижодий ишлашга қаратмоқда.

Халқ таълими ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликларининг 2010 йил 27 майдаги 125-сонли қўшма буйруқларига асосан ўқитувчи томонидан 6та иш ҳужжати юритилади.

1. Йиллик иш режаси. Йил бошида бир марта тузилади ва директор томонидан тасдиқланади

Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сонли қарорига мувофиқ, ўқитувчининг йиллик иш юкламаси соатларининг нималарга, қандай ҳажмда ойма-ой сарфланишини ўқув йили бошида вазирлик томонидан берилган намуна асосида режалаштириб олинади. Режадаги соатлар асосан дарсга тайёргарлик кўриш, дафтар текшириш, синф журналини тўлдириш, дарс кузатиш ва ўқувчилар билан қўшимча машғулотлар (ҳафтасига 2 соатдан йил давомида 68 соат) олиб бориш кўзда тутилган.

2. Тақвим, мавзу, режа. Йил бошида бир марта тузилади ва директор томонидан тасдиқланади

Ушбу режа ўқувчиларга йил давомида маълум бир фан бўйича ўтиладиган мавзуларни олдиндан белгилаб олиш учун тузилади. Қолаверса ушбу тақвим мавзу режаси вазирлик томонидан берилган намунавий тақвим мавзу режа асосида бир ўқув йили учун бир марта тузилади.

3. Дарс конспекти дафтари

Ўқитувчи томонидан тақвим мавзу режасига мувофиқ дарсга киришдан олдин (ҳафта бошланишида, ҳафтада бир марта бўлиши ҳам мумкин) ўтиладиган мавзу юзасидан ўқитувчи томонидан 45 дақиқалик дарсни қандай олиб бориши, нималар ҳақида гапириши, қандай педагогик технологиялар, ўйинлардан фойдаланиши, нима топшириқлар бериши қисқа тезис шаклида ёзилади. Бу режа параллел синфлар учун бир марта ёзилади ва мактабнинг ўқув ишлари бўйича директори томонидан визуал кўриб чиқилиб имзоланади.

4. Синф журнали

Мазкур ҳужжат ўқувчига Давлат таълим стандартларига мувофиқ қандай мавзуларда дарс ўтилганлигини, ўқувчилар давоматини қайд қилиш ва ўқувчиларнинг ўтилган мавзулар бўйича билимларини баҳолаб бориш учун зарур.

5. Дарс кузатиш дафтари

Бу ўқитувчиларнинг ўз ҳамкасблари билан ўзаро дарс кузатишларини қайд этиб бориш дафтари бўлиб, дарсни кузатиш жараёнида тўлдирилади. Ўқитувчи касбдошининг дарсини кузатиш орқали унинг ютуқларини ўрганади, ўзининг фаолиятида қўллайди ёки дарснинг камчиликларини ҳамкасбига баён қилиш орқали унинг бартараф этилишига ҳисса қўшади. Ҳар бир ўқитувчига бир ҳафтада атиги бир соат (45 дақиқа) дарс кузатиши белгиланган.

6. Тарбиявий ишлар режаси (синф раҳбарлари учун)

Барча ўқитувчилар бир хил лавозимда ишламайди. Айрим ўқитувчиларга синф раҳбарлиги юклатилган бўлиб, ушбу лавозим учун уларга асосий ойлик маошларидан ташқари энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида қўшимча ҳақ тўланади. Тарбиявий ишлар режаси Республика таълим маркази томонидан берилган намунавий тавсиялар асосида йил бошида ишлаб чиқилади. Синф раҳбари битта дафтарда синфидаги ўқувчилар ҳақида маълумотларни, улар билан олиб борилган суҳбатларни, ота-оналар йиғилишларини қайд қилиб боради.

Директор жамғармасидан устама олиш учун ўқитувчи ҳужжатлар тўплаши, ҳисоботлар топшириши кўзда тутилмаган. Аксинча бу вазифа ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарига юклатилган.

Мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари мактаб қошидаги Махсус комиссия котиби ҳисобланади. Ўқитувчиларга устама белгилаш учун комиссияга тақдим этиладиган ҳужжатлар йиғма жилди комиссия котиби ва комиссия ҳузуридаги эксперт гуруҳи томонидан шакллантирилиши лозим. Чунки «Умумтаълим муассасалари қошидаги махсус комиссия тўғрисида Низом»нинг 18-бандида белгилаб берилган, устама ҳақ олишга талабгор бўлган ўқитувчининг фаолияти самарадорлигига оид таҳлилий маълумотлар, жадваллар талабгорнинг ўзи томонидан тўлдирилиши, устама ҳақ белгилашдаги шаффофлик принципларига зиддир.

Мазкур ҳужжатлар ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш ва уларга ҳақ тўлаш учун энг зарур бўлган ҳужжатлар ҳисобланади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан тасдиқланган ўқитувчиларнинг иш юкламасини белгилаш ва тақсимлаш тўғрисидаги йўриқномада турли текширувлар жараёнида улардан юқорида қайд этилган ҳужжатлардан бошқа ҳужжатларни тақдим этиш ҳамда ҳисоботларни талаб қилиш қатъиян ман этилган.

Манба: kun.uz

Бўлимлар