Қорақалпоғистоннинг “Ишбилармон талаба”лари аниқланди

 O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари орасида “Ишбилармон талаба”стипендияси учун танловининг Республика босқичи ўтказилди. Унда тегишли соҳа вакиллари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Республика “Ҳунарманд” бошқармаси ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

–Бугун мамлакатимизда давлатимиз томонидан ёшларга қаратилаётган юксак эътибор натижасида йигит-қизларни ҳар жабҳада эришаётган ютуқ ва марралари юртимиз шон-шуҳрати ва нуфузининг янада ошишига муносиб хизмат қилмоқда, – дейди O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Соғиндиқ Турманов. –Эътиборлиси, 2004 йилдан буён ўтказиб келинаётган ушбу танловда ёшларнинг танловга бўлган қизиқиши ва интилишлари йилдан-йилга ортмоқда. Масалан биргина ўтган йилда танловда 40 нафар коллеж ўқувчилари иштирок этган бўлса, жорий йилда шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган 45 нафардан ортиқ ўғил-қизларимиз ўз кўргазмалари билан иштирок этди.Бу мустақиллик туфайли юртимизда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг катта натижаси десак, муболаға бўлмайди.

Қайд этилганидек, бугун юртимизда ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини кенг йўлга қўйиши, ўз устида тинимсиз меҳнат қилишлари ва соҳага оид билимларини мустаҳкамлашлари учун барча шароитлар яратилган. Бундан умумли фойдаланаётган йигит-қизларимиз эса барча соҳаларда ўз истеъдодларини амалда тўлиқ намоён этмоқда.

–Ушбу танловдаги илк таъссуротларим катта, – дейди Чимбой агро-саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Захида Шарибаева. – Боиси, мен танлов давомида  қорақалпоқ халқининг урф-одат ва анъаналарини, нақшларини қорақалпоқ миллий кийимларида акс эттирдим.Тўғриси, танловда ўз кўргазмалари билан келган ёшларнинг шижоати ва интилиши ғайратини кўриб, кишини ҳаваси келади. Чунки ўзига хос кўргазма тарзида ўтган танловда ёшларнинг ўқиш ва  жамоат ишларидаги фаоллиги, чет тилларини қай даражада ўзлаштиргани ҳакамлар ҳайъати томонидан алоҳида баҳолаб борилди. Ҳозир жудаям ҳаяжондаман. Сабаби, бугун мен танлов ғолиби бўлдим.Бу албатта, мен учун кутилмаган катта ютуқ бўлди ва мени келгусида ўз устимда тинимсиз меҳнат қилишимга ундади.

Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, Чимбой агро-саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Захида Шарибаева 1-ўрин, Нукус ижтимоий-иқтисодёт коллежи ўқувчиси Азиза Матқурбанова 2 ўрин, хунармандчилик йўналиши бўйича Хўжайли тиббиёт коллежи ўқувчиси Тумарис Қарлибаева эса 3 ўринга муносиб деб топилди ва партиянинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

           O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Матбуот хизмати

Бўлимлар