Нукусда маҳоратли ошпазлар танлови ўтказилди

Нукусда Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб ошпазлар ўртасида “Олтин пичоқ” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган танловнинг туман ва шаҳар босқичларида 40 дан зиёд ошпаз ўз маҳоратини намойиш этди. Улар орасидан сараланган 17 ошпаз Қорақалпоғистон Республикаси босқичида қатнашди. 

Иштирокчиларнинг пазандалик билан бирга хизмат кўрсатиш маданияти, дастурхон безаши, либоси, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиши, тайёрланган таомнинг сифати ва мазаси баҳолаб борилди. Ўзбек ва қорақалпоқ миллий таомларидан ташқари жаҳон халқлари таомлари, дармондорига бой турли салатлар тайёрлаш бўйича маҳорати ҳам синовдан ўтказилди. 

Кегейли туманидаги “Ойсултон-Шарапатдин” хусусий фирмаси бош ошпази И.Мамбетназарова ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Чимбой туманидаги “Сатуллаева Венера” масъулияти чекланган жамияти бош ошпази А.Зарипова ва Нукус шаҳридаги “Ал Жаҳонгир Нукус” масъулияти чекланган жамияти бош ошпази Ф.Зокиров эгаллади. 

Ғолиблар танловнинг мамлакат босқичида иштирок этади. 
 

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА 

Бўлимлар