Давлат тест маркази имтиҳонларнинг тест саволларини эълон қилди

Олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул тест синовларида абитуриентларнинг билимлари умумтаълим фанларидан, яъни она тили ва адабиёт, қорақалпоқ тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, математика, информатика, физика, кимё, биология, география, тарих, инглиз тили, немис тили, француз тили фанларидан билимлари синалиб, уларнинг танловдаги рейтинг баллари аниқланади.

Олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул тест синовлари учун тест топшириқлари умумтаълим фанларнинг мазмуни таркиби ва абитуриентларнинг тайёргарлик даражасига қўйиладиган талаблар асосида ҳар бир фан бўйича алоҳида тест топшириқлари тафсилотларига мувофиқ тузилади.

Энди ўқитувчилар, абитуриентлар ва ота-оналар 2018 йилда олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул тест синовларини ўтказиш учун ҳар бир умумтаълим фани бўйича унинг мазмуни таркиби ва абитуриентлар тайёргарлиги даражасига қўйиладиган талаблар кодификатори, тест топшириқларининг тафсилотлари ҳамда мазкур тафсилотлар асосида ишлаб чиқилган тест топшириқлари намуналари билан танишишлари мумкин.

Талаблар кодификатори умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг Давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ҳамда умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари учун тавсия этилган дарсликлар асосида тайёрланган, дейилади ДТМ ахборот хизмати хабарида.

Талаблар кодификатори ва тест топшириқларининг тафсилотлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан келишилган ҳолда ушбу таълим тизимидаги малакали мутахассислар муҳокамасидан ўтказилган. Ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг Илмий-методик кенгаши қарори билан тасдиқланган.

Тақдим этилаётган тест топшириқларининг намунавий вариантлари тасдиқланган талаблар кодификатори ва тест топшириқлари тафсилотлари асосида тайёрланган бўлиб, абитуриентларга, уларнинг устозлари ва кенг жамоатчиликка умумтаълим фанлари бўйича бўлғуси имтиҳоннинг шакли, мазмуни, мураккаблик даражасини намойиш қилиш учун мўлжалланган. Ушбу вариантлар бошқа методик нашрлар билан бир қаторда ўқувчиларга қабул тест синовларига тайёргарлик кўриш учун ёрдам беришга қаратилган.

Кириш имтиҳонларининг тест топшириқлари намунаси мазкур ҳаволада келтирилган.

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz

Бўлимлар