Қорақалпоғистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида матбуот-анжумани ўтказилди

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида Оролбўйи ҳудудида табиий иқлим барқарорлигини таъминлаш, экологик вазиятни юмшатиш, табиатни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. 

Қорақалпоғистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси, Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими вакиллари, эколог-олимлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда экологик муаммоларни юмшатиш, биохилма-хилликни сақлаш ва қайта тиклашга йўналтирилган тизимли тадбирлар ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани таъкидланди. 

Орол денгизи сувининг кескин камайиб кетиши оқибатида юзага келган экологик муаммоларнинг атроф-муҳитга, ўсимликлар дунёси ва ҳайвонот оламига таъсири, турли антропоген таъсирлар, браконьерлик оқибатида биологик хилма-хилликка етказилаётган зиён, айрим турларнинг камайиб, йўқолиб кетаётгани хусусида маърузалар тингланди. 

Бугунги кунда Ўзбекистон “Қизил китоби”га балиқларнинг 11, қушларнинг 35, сут эмизувчиларнинг 12, судралиб юрувчиларнинг 4 тури, Халқаро “Қизил китоб”га эса балиқларнинг 4, қушларнинг 20, сут эмизувчиларнинг 4, судралиб юрувчиларнинг 1 тури киритилгани ҳам табиат муҳофазасида экологик вазият барқарорлигини таъминлаш долзарб вазифа эканини кўрсатмоқда. 

Қорақалпоғистон Республикасида “Сайғоқ” давлат буюртмахонаси, “Судочье” орнитологик давлат буюртмахонаси фаолият кўрсатмоқда. Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонун талаблари асосида ушбу буюртмахоналар ҳудуди режимини сақлаш, ҳайвонот ва наботот дунёсини муҳофаза қилиш бўйича давлат назорати ўрнатилган. 

Қорақалпоғистон Республикасида 2005-2012 йилларда БМТ Тараққиёт дастурига мувофиқ Глобал экологик жамғармаси иштирокида Амударё дельтасида тўқайзорларни асраш ва муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар тизимини мустаҳкамлаш лойиҳаси амалга оширилди. Ушбу лойиҳага кўра, умумий майдони 68 минг 717 гектар, шундан муҳофаза қилинадиган ҳудуди 11 минг 568 гектар бўлган “Қуйи Амударё биосфера резервати” ташкил этилди. Бу ерда турли ҳайвонлар, хусусан, Бухоро буғуларини муҳофаза қилиш, уларнинг яшаши ва кўпайиши учун қулай шароит яратилди. 

Устюрт текислигида сайғоқларни муҳофаза қилиш ва уларнинг яшаши учун қулай шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 июлдаги “Мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналарини барпо этиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Сайғоқ” давлат буюртмахонаси базасида беш участкани ўз ичига олган 628,3 минг гектар майдон ажратиш белгиланди. Бу участкаларда сайғоқлар ва бошқа кам учрайдиган ҳайвонлар яшаши учун етарли шарт-шароит – серўтлоқ яйловлар, сув манбалари яратилган. Шунингдек, бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ландшафтли буюртмахона ҳудудида 219,8 минг гектар майдонда муҳофаза зонаси ташкил этиш режалаштирилган. Бунинг амалга оширилиши сайғоқлар, кам учрайдиган ҳайвонлар ва ўсимликлар популяцияси кўпайишига хизмат қилади.


Атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик муаммоларни ҳал этишда табиий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Айни пайтда Мўйноқ тумани ҳудудида “Мўйноқ аква саноат” давлат унитар корхонаси ташкил этиш ва унинг тасарруфига умумий майдони 39,3 минг гектар бўлган “Жилтирбас”, “Судочье” ва “Рибачье” табиий сув ҳавзаларини доимий фойдаланиш учун бериш мўлжалланмоқда. Ушбу сув ҳавзаларига туташ бўлган Мўйноқ шаҳри ҳамда Қозоқдарё посёлкасида жорий йилда “Ипотека банк” кредити ҳисобидан балиқ чавоқларини етиштирувчи питомник ва инкубация цехлари ишга туширилади. 2017 йилдан бошлаб, корхона мазкур сув ҳавзасида 1 миллион дона балиқ чавоғи етиштириб, бу кўрсаткични ҳар йили 500 минг донага кўпайтириб бориш режалаштирилган. 

Жорий йилда 450 тонна балиқ етиштириш мўлжалланаётган бўлса, 2020 йилга бориб, бу кўрсаткич 3 минг 500 тоннага етказилади. Балиқлар учун тўйимли озуқа-ем етиштириш учун “Мўйноқ аква саноат” давлат унитар корхонасига 100 гектар экин майдони ажратилади. 2017-2018 йилларда корхона базасида йилига 375 тонна қайта ишланган балиқ ва ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга цех барпо этиш режалаштирилган. Корхонада сиғими 300 тонналик музлаткич камералари ҳам қурилади. 

Қорақалпоғистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ва биологик ресурслардан оқилона фойдаланиш, қайта тиклаш борасида дастур ишлаб чиқилиб, қатъий назорат қилинмоқда. Дастурга кўра, Қуйи Амударё ирригация тармоқлари ҳавзаси томонидан табиий кўлларда балиқчиликни, Ўрмон хўжалиги томонидан асаларичиликни ривожлантириш мақсадида йўлга қўйилган ишлар натижасида жорий йилда 30,6 тонна шифобахш асал етиштириш мўлжалланмоқда. 

Матбуот анжуманида ҳайвонот ва наботот дунёсини муҳофаза қилиш бўйича амалдаги қонун талаблари ва ҳукумат қарорлари ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам атрофлича муҳокама этилди. 

 

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА 

Бўлимлар