Алимент тўламаганларга энди маъмурий қамоқ тарзидаги жазо қўлланилади

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 45-моддасида «Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир» деб кўрсатилган.

2018 йил 9 январь куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қушимчалар киритиш тўғрисида» ги ЎРҚ-459-сонли Қонуни қабул қилиниб, юқоридаги конституциявий норманинг ижросини  мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистн Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва Жиноят кодексларига вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш ва ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ қонунбузарликлар учун жазо чоралари  кучайтирилди.

Жумладан, Ўзбекистн Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига янги 2 та модда, яъни 474-модда «Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш» ва 475-модда «Ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш» ҳукуқбузарликлари учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалар киритилди.

Мазкур моддаларга биноан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши керак бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шунингдек, вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаши, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик ҳуқукбузарлиги учун-15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олиш ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахслар (ҳомиладор аёлларга, уч ёшгача боласи бўлган аёлларга, ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахсларга, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари) га эса  энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солиш назарда тутилади.

Шуни таъкидлаб утиш лозим, ушбу ҳуқукбзарликни  биринчи марта содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилиши белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2 та моддаси, яъни 122-модда. «Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш» ва 123-модда. «Ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш» жинояти учун жиноий жавобгарлик назарда тутвчи янги таҳрирда баён килиниб, унга кўра вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни ва ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаган шахслар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам ушбу ҳуқуқбузарликни такроран содир қилса жиноий жавобгарликка тортилиб, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгилаб қўйилди.

Бу ерда ҳам, агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилиниши билан боғлиқ қоида киритилди.

Эслатма: Ушбу нормалар, қонун расмий эъло қилингандан (10.01.2018) кейин 6 ой ўтгач, яъни 2018 йил 11 июль кунидан кучга киради.

С.Б.Сыргабаев

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази тингловчиси           

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz                            

Бўлимлар