31500 сўм, Кемалар қабристони, замонавий туман. Мўйноққа бир кунлик саёҳат ҳақида

18 март куни Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши қошидаги 'Ёш репортёрлар клуби"нинг блогерлари билан биргаликда Мўйноқ туманига кичик медиа-тур ташкил этдик.

Аслида автобусда йўлга чиқмоқчи эдик, бироқ фикримиз ўзгариб "Дамас"ни танладик. Айтганча Нукусдан Мўйноққача бўлган 220 км масофа учун таксилар 25 минг сўм, автобус эса 10 минг сўм, Дамас эса бизни бориб келишимиз учун 31,5 минг сўмга тушди. 

Репортёрлар мобил репортаж тайёрлашмоқда. Селфига тушишаётганлари йўқ)

Хуллас тонги 6 яримларда йўлга чиқдик. Мўйноққа бораман дегунча ёмғир тинмасдан ёғди. Соат 10 ларда туман марказига етиб борганимизда хайрият ёмғир тинди. Ёмғир тинмаса режаларимиз бутунлай ўзгариб кетиши аниқ эди.

Биз даставвал "Кемалар қабристони"га бордик. У ерда тумандаги иқтидорли ёшлар билан учрашиб, улар билан фикрлашдик. Репортёрлар эса ёш иқтидор эгаларидан интервью олиб, мобил репортажлар ҳам тайёрлашди.

Шундан сўнг ўша ерда озгина тановвул қилиб олиб, туманнинг марказий Ажинияз кўчаси бўйлаб сайр қилдик. Негадир Тошкентга борсак, айрим инсонлар Мўйноқ деса ўтов уйда яшаб, миллий кийимда юрадиган инсонларни тасаввур қилишини айтиб ўтишади. Бироқ аслида ундай эмас. Бугунги кунда туман маркази замонавий ҳолатга келмоқда. Йўллар асфалтланган. Янги бинолар қад ростлаяпти.

Афсуски якшанба дам олиш куни бўлгани учун биз боришни режалаштираётган бир нечта объектлар ёпиқ экан. Бу биз учун тажриба бўлди. Энди кейинги сафар қайсидир туманга медиа-тур ташкил этсак, дам олиш куни эмас, иш кунини танлаймиз.

Бизни диққатимизни тумандаги янги новвойхона тортди. Бу ҳақда кейинроқ батафсил алоҳида материал бериб ўтамиз.

Биз сафаримиз давомида "Орол балиқларидан 99 турли таомлар" гастрономик фестивали бўлиб ўтган «Мадели» ОФЙ ҳудудидаги «Кўк сув» кўлига ҳам бордик. Ажойиб манзара. Бу ерда бу йил ҳам фестивал бўлиб ўтиши кутиляпти.  Бу кўлнинг "Чорвоқ"дан кам жойи йўқ. Яқин орада бу кўлда  туристлар ва маҳаллий аҳоли учун янги дам олиш масканлари қурилиши режалаштирилмоқда экан. Пули кўп инвесторлар бўлса, бу жойдан унумли фойдаланиб, яхшигина фойда олишлари ҳам мумкин.

Хуллас эрталаб 6 да йўлга чиққан бўлсак, кечқурун 21 ларда Нукусга қайтиб келдик. Йўлга умумий ҳисобда 7 соат вақтимиз кетди. Мўйноқ тумани ҳақида ўнлаб материаллар тайёрлаганмиз ва бу ҳақда ҳафта давомида материалларни сизнинг эътиборингизга ҳавола этиб борамиз.

Фурқат Юсупов

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz

Бўлимлар