Нукусда маҳалла раислари малака оширди

Қорақалпоғистон Республикасида фуқаролар йиғинлари фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялари ишини самарали ташкил этишга бағишлаб ўқув-семинарлар ўтказилди. 

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирларда Президентимиз раҳнамолигида ҳаётимизда маҳалла институтининг аҳамияти ва ўрнини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайтирилиб, уларнинг жойларда маънавий муҳит барқарорлиги ҳамда миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлашдаги ўрни тобора ортмоқда. 

Жорий йилнинг май-июнь ойларида ўтказилган фуқаролар йиғинлари раиси ва уларнинг маслаҳатчилари сайловида Қорақалпоғистон Республикасида 402 раис ва уларнинг 4 минг 160 маслаҳатчиси демократик тамойиллар асосида сайланди, фуқаролар йиғинларида жамоатчилик комиссиялари янгидан шакллантирилди. Айни пайтда улар ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида самарали фаолият олиб бормоқда. Семинарларда мазкур йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш, жамоатчилик комиссияларининг фаолиятини кучайтириш юзасидан фикр алмашилди. 

 

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА

Бўлимлар