Лондондаги ўқув жараёнининг биздаги билан фарқи, дарслардаги ўзгачаликлар ва ҳайратланарли шаҳар. Қорақалпоқ қизининг Лондондаги таасуротлари

Қорақалпоғистонлик Бийбиназ Жолдасбаева Лондонда таҳсил олаётганини эшитганимиздан сўнг, у билан ижтимоий тармоқлар орқали боғландик ҳамда ёш талаба билан суҳбат уюштирдик.

- Лондондаги ва биздаги ўқув жараёни нимаси билан фарқ қилади?

- Ўқиш жараёни тубдан фарқ қилади. Биринчидан, ўқиш муддати фақат 1 йил. Иккинчидан 3 семестр ва 4 дарс. Ҳар бир дарсликни ҳар бир талаба ўзи танлаш ҳуқуқига эга. Учинчидан, ўқишга қатнашиш мажбурий тарзда бўлиб, ҳар бир дарсда талабалар имзо қўйиб, ўзини келганини тасдиқлаб бериши шарт. Ҳар ким мустақил ва ўзи учун ўқиши шарт. Университет кутубхонаси ҳар куни кечқурун 12 гача ишлайди. Ҳамма китобларнинг электрон варианти бўлиб, ҳар бир талабанинг ўз университет аккаунти бор ва шу аккаунт орқали имтихон жавобларини билса бўлади ва яна барча ўқув материалларига эга бўлиши мумкин.

- Дарслардаги ўзгачаликлар қандай?

- Дарслар 2 га бўлинади: маъруза (1 соат) ва семинар (3 соат). Ҳар бир дарс учун университет сайтида олдиндан материаллар берилади ва ҳар бир дарсда ўқитувчилар овозини ёзиб, материал сифатида талабалар учун сайтда жойлаб қўйишади. Бу ҳам чет эл талабалари учун яна бир қулайликдир. Ўқиш жадвали университет сайтида бўлиб, ҳар бир ўқитувчининг контакт ва почта маълумотлари билан берилади. Ҳар бир янгилик ва эълон онлайн тарзда берилади. Шунингдек ҳар бир модулни фақатгина бир ўқитувчи олиб бормайди, аниқроғи бошқа давлат ўқитувчилари ҳам дарс олиб боришади. Масалан, дарсларимиз халқаро ҳуқуқ билан боғлиқ бўлганлиги учун АҚШ, Хитой ва Германия ҳуқуқшунослари дарс олиб боришади. Семинар дарсларини гуруҳларга бўлиб ўтамиз. Чунки бу ҳам гуруҳ ичида ишлашни ўргатиб, лидер бўлишга ўргатади. Имтиҳонлар ёзма шаклда ва агар талаба ўта олмаса, қайта топшириш учун университетга пул тўлаши керак бўлади.

- Лондонда сизни нима ҳайратга солди

- Лондонда биринчи ҳайратга солган нарса бу - ҳамма нарса одамлар учун. Ногирон одамларга алоҳида эътибор беришади: йўлларда чизиқлар, транспортда алоҳида жой ажратилган. Кўпчилик велосипедда юришади ва улар учун алоҳида йўллар ажратилган. Қулайликлар жуда ҳам кўп: ҳамма нарсани онлайн тарзда бажарса бўлади. Бу ерда одамлар ҳар бир дақиқани қадрини билишади ва уни бекорга сарфлашмайди. Шунинг учун ҳам иш жойларида ойлик эмас, соатлик тўлашади. Одамлар жуда ҳам хушмуомалалик билан гапиришади ва бу энг асосий фарқ мен учун. Транспорт жуда ҳам ҳам қулай: Лондон транспорт программаси орқали ҳар бир автобус ва метронинг келиш ва кетиш вақтини аниқ билса болади. Кўчаларда уйсиз ҳайвонларни кўрмайсиз. Чунки ҳайвонларни ҳимоя қилиш асосий мақсадларидан биридир. Энг муҳими Буюк Британия кўп миллатларни ўз ичига олади. Яъни барча давлатлардан одамларни кўриш ва улар билан суҳбатлашиш имкониёти бор.

Фурқат Юсупов суҳбатлашди

Бўлимлар