Женисбек Пиязов ўзи ҳақида ҳикоя қилиб берди

Ватан ҳақида куйлаш – энг улуғ бахт

дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязов 

Болалигимдан санъатга меҳрим кучли бўлган. Бу менга бобомдан, отамдан ўтиб келаётган касб. Бобом – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, Қорақалпоғистон халқ артисти Зинел Пиязов узоқ йиллар Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мусиқали театрида фаолият кўрсатган. Уйимизга эл суйган санъат усталари кўп келарди. Уларга ҳавас қилиб, бир марта суҳбатини олсак, шулардай катта санъаткор бўлиб етишсак, деб орзу қилардик. 

Оилада олти фарзандмиз. Ҳаммамиз ота-онамиз изидан бориб, санъатни танладик. Акам Нурлибек эстрада, укам Жонибек миллий йўналишда, мен ва кенжа укам Оқилбек опера йўналишида ижод қилаяпмиз. 

Мени мустақил Ватанимиз кафтида авайлаб, вояга етказди, таълим-тарбия берди, бу менинг фарзандим, Ўзбекистон фарзанди, дея истеъдодимни жаҳон саҳналарига олиб чиқди. Ўз истеъдоди билан халқининг назарига тушиш, жаҳон саҳналарини забт этиш, дунё санъат ихлосмандларининг эътирофу олқишига сазовор бўлиш – ҳар бир санъаткорнинг эзгу мақсади. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида биз, ёшларнинг таълим олишимиз, касб-ҳунар эгаллашимиз, ўз иқтидор ва салоҳиятимизни намоён қилишимиз учун яратилаётган кенг имкониятлар болалик орзуларимнинг рўёбга чиқишига катта замин яратди. 

Нукус маданият ва санъат коллежида ўқиб юрган кезларимда устозим Абат Қалиев “Сенинг овозинг опера куйлашга мос экан, ўзингни синаб кўрмайсанми?” деб қолди. Шундан сўнг опера билан жиддий шуғуллана бошладим. Ёш опера ижрочилари кўрик-танловида ғолиб бўлиб, Ўзбекистон давлат консерваториясига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилиниб, устозим, профессор София Цой синфида опера санъати сир-асрорларини ўргандим. 2007 йили “Ниҳол” мукофотига сазовор бўлдим. Франция, Испания, Португалия, Россия, Малайзия, Қозоғистон каби қатор давлатларда ўтказилган нуфузли танловларда муваффақиятли қатнашдим. 

2010 йил мен учун унутилмас йил бўлди. Ватанимиз мустақиллигининг 19 йиллиги арафасида Президентимиз Ислом Каримовнинг фармонига биноан “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Санъат соҳасидаги камтарона меҳнатларим юксак баҳолангани мени янги марралар сари руҳлантирди. 

Ўша йили Озарбайжонда ўтган танловда, 2011-2012 йилларда Германиянинг Мюнхен шаҳрида ташкил этилган опера фестивалларида қатнашдим. 2012 йили Муслим Магомаев номидаги вокалчилар ўртасидаги халқаро танловда Гран-при соҳиби бўлдим. 

Минг шукрки, инсон қадр-қиммати улуғланадиган Ватанда яшаяпмиз. Мамлакатимизда ўз иқтидори билан элини, халқини танитиш, Ватани обрўсини халқаро майдонда янада юксалтиришга ҳисса қўшишни ният қилган инсон борки, ҳар томонлама қўллаб-қувватланади, ўзини намоён қилиши учун барча зарур шароит ва имкониятлар яратилади. 

2012 йили Президентимиз совғаси – Тошкент шаҳрининг марказида жойлашган Навоий кўчасидаги замонавий, кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонга эга бўлдим. Бу мен учун кутилмаган ва ажойиб туҳфа бўлди. Зеро, ёш оилам билан Тошкентда яшаш, ижод қилиш учун, аввало, шароит зарур эди. Президентимизнинг бу улкан эътибор ва ғамхўрлиги мен ва оилам учун энг бахтли ва унутилмас лаҳзаларни инъом этди. Ўша йили Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирландим. 

2013 йили Ўзбекистон давлат консерваториясининг магистратура бўлимига давлат гранти асосида қабул қилиндим. Ҳозир консерваториянинг мусиқали театр-студиясида опера солисти бўлиб фаолият кўрсатаяпман. 2014 йили давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист фахрий унвони билан тақдирландим. Бу бир санъаткорнинг камтарона меҳнати юксак қадрлангани, баҳолангани, ёш истеъдодларнинг қўллаб-қувватланаётганининг ёрқин исботидир. 

Истиқлолимизнинг 25 йиллигига бағишланган “Ягонасан, муқаддас Ватан!” кўрик-танловининг Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тизимидаги саралаш босқичида «Қардошим» қўшиғи учун биринчи даражали диплом билан тақдирландим ва кўрик-танловнинг якуний босқичида қатнашдим. 

Турли танлов ва фестивалларда қатнашиш учун хорижий мамлакатларга борганимда Ватан соғинчи бир зум бўлса ҳам қалбимни тарк этмайди. Жонажон Ўзбекистонни, унинг мусаффо осмонини, жаннатмонанд табиатини, гўзал ва бетакрор шаҳарларини, Тошкентдаги уйимни, оиламни, Нукусдаги ота ҳовлимни соғинавераман. Бу соғинч ўзимга бўлган масъулиятни оширади, халқимиз, Президентимиз ишончини оқлаш учун, она Ватанимизнинг шаънини ҳимоя қилиш учун куч-ғайрат, илҳом бағишлайди. 

Айни кунларда энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик шодиёналарига қизғин ҳозирлик кўряпмиз. Қалбимизда, куй-қўшиқларимизда “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган эзгу шиор, улкан ишонч баралла янграмоқда. Зеро, тарихан қисқа вақтда юксак марраларга, ютуқларга эриша олган, халқнинг тинчлик-осойишталигини, фаровонлигини, бахту иқболини, бугунига ва эртасига ишончини таъминлай олган қудратли давлатда яшаш, уни тараннум этиш ҳар бир санъаткор учун энг улуғ бахтдир. 
 

Байрам Айтмуродов, ЎзА

Бўлимлар