Нукусда "Маршрутка"ларда йўл ҳақи 1000 сўмга чиқиши керакми? Йўқ!

Сайтимизда "200 сўм майда пул йўқ, ҳайдовчилар қайтимига гугурт берса ёқмайди". Энди йўналишли таксиларнинг нархи 1000 сўмга кўтарилиши мумкин" номли хабар чиққан эди.

Хабарда мутахассис Аллаберген Бердиев "Ҳайдовчиларга ҳам осон эмас. Майда пул йўқ. Бермаса жанжал чиқади, шу боисдан ҳам гугурт берганлар топилади. Умуман олганда, масалани шундай қолдириб бўлмайди. Шу боис яқинда йўналишли таксиларнинг баҳосини 1000 сўмга кўтариш бўйича таклиф бердик. Ҳозир масала ўрганиб чиқилмоқда", дея жавоб қайтарган эди.

Шундан сўнг "KRuz.uz" сайти телеграмдаги канали орқали "Нукус шаҳрида йўналишли такси (маршрут)ларнинг нархи 1000 сўмга кўтарилишига муносабатингиз қандай?" деб номланган сўровнома ўтказди. Сўровномада иштирок этган 454 респондентнинг 72 фоизи йўл ҳақининг оширилишига қарши чиқди. 

Хўш йўл ҳақи нима учун 800 сўмдан 1000 сўмга кўтарилиши керак? Қайтимга 200 сўмлик купюра топилиши муаммо бўлгани учунми? Шу йилнинг 17 март куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси жараёнида Марказий банкнинг қиймати 50, 100, 200 ва 500 сўмлик тангалар чиқариш тўғрисидаги таклифи, уларнинг намуналари ва дизайни кўриб чиқилди ва маъқулланди.

Шундай экан 200 сўмлик купюра муаммо бўлса, яқин орада тангалар муомолага киритилишини инобатга олсак, бу нархнинг ошишига сабаб бўла олмайди.

Бундан ташқари ҳеч кимга сир эмас, йўналишли таксилар одатда 18:00 дан кейин, баъзида эса куппа-кундузи ҳам нархни ўзбошимчалик билан 800 сўмдан 1000 сўмга кўтариб олишган. Хўш агар нарх 1000 сўмга кўтарилса, улар 18:00 дан кейин ҳам 1000 сўмга юришига ким кафолат беради. Кечки пайт нархни 1200 сўмга, 1500 сўм пул берган йўловчига эса 100 сўмлик купюра йўқ деб, 200 сўм қайтим бериб, 1300 сўмга кўтариши мумкинлигини инобатга олиш керак.

Ҳозирча йўналишли таксиларнинг нархлари 800 сўмда қолгани яхши деб ўйлайман. Ҳаммаси халқ учун хизмат қилиши керак.

Фурқат Юсупов

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz

Қорақалпоғистон янгиликларини facebook'да кузатиб боринг - https://www.facebook.com/groups/kruz.uz/

Қорақалпоғистон янгиликларини instagram'да кузатиб боринг - https://www.instagram.com/kruz.uz/

Бўлимлар