Бош вазир Соғлиқни сақлаш вазирига ҳокимлар эмас, ўз ходимларининг ёнини олишни айтди

Айни дамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида «Ҳудудларда дала ва тозалаш-ободонлаштириш ишларига тиббиёт ва таълим муассасалари ходимлари, талабалар ва ижтимоий соҳа вакилларини жалб қилишни тақиқлаш ва ушбу ҳолатларга йўл қўйган барча даражадаги ҳокимлар ва раҳбарларнинг шахсий масъулият ва жавобгарлигини оширишга қаратилган чораларни белгилаш» масаласига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.Бу ҳақда "Xabar.uz" хабар бермоқда.

Мазкур йиғилишда «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали мухбири Жамшид Ниёзов ҳам иштирок этмоқда.

Йиғилишда сўзга чиққан соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов шундай деди:

— Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари, ҳақиқатан ҳам мен раҳбар сифатида шу масалага эътибор бермаганман ва назоратимга олмаганман. Президент Сайхунободда ўтказган йиғилишдан кейин эртасигаёқ Жиззах вилоятидаги барча ташкилотлар раҳбарлари, депутатлар, ҳокимлар, касаба уюшмалари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллар иштирокида йиғилиш ўтказдик. Бундан кейин ҳар битта вилоятда шундай йиғилиш ўтказишни режа қилиб олдик. Шу билан бирга 19 апрель куни соат 14:00 да Бош вазир ўринбосари Акмалов Қаҳрамон Валиевич бошчилигида бутун Республика бўйича селектор ўтказишни режалаштирдик.

Ҳар бир вазирлик ва бошқармаларда назорат гуруҳларини ташкил этдик. Ишонч телефонларига хабар бериш тизимини йўлга қўйяпмиз.

Албатта, бу ерда ҳар бир раҳбаримиз ва ходимларимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш бўйича ҳам иш олиб боришимиз керак. Бу масалада ҳам чора-тадбирларни белгилаб олдик.

Мен президентга ва сизга, Абдулла Ниғматович, миннатдорлик билдирмоқчиман. Чунки мана шу ижтимоий соҳа, айниқса, тиббиёт соҳаси ходимларини бундай ноқонуний ишга жалб қилишда сизлар қалқон бўлиб, тўсиқларни қўйиб бераяпсизлар. Шунинг учун миннатдорлик билдираман ва бу борада бундан кейин хатога йўл қўймасликка ваъда бераман!

Ўз навбатида Бош вазир Абдулла Арипов нотиққа маҳаллий ҳокимият вакилларига нисбатан адвокатлик қилишни йиғиштириб қўйиш масаласида дакки берди:

— Сиз ўзингизнинг қўл остингиздаги ходимларга адвокатлик қилинг, маҳаллий ҳокимиятлар раҳбарларининг ёнини олиб, адвокатлик қилсангиз ёки улар билан муносабатингиз бузилишидан қўрқиб ишласангиз, бу иш кетмайди, бунақа факт аниқланса, сизга нисбатан бошқача чора кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу йиғилиш Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилганини алоҳида қайд этиш керак.

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz

Қорақалпоғистон янгиликларини facebook'да кузатиб боринг - https://www.facebook.com/groups/kruz.uz/

Қорақалпоғистон янгиликларини instagram'да кузатиб боринг - https://www.instagram.com/kruz.uz/

Бўлимлар