Фарғоналик тадбиркор ҳоким имзо чекмагач, Мўйноққа кетиб қолди...

Маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича Республика ишчи гуруҳи Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида ўз фаолиятини давом эттирмоқда. 

Сунбула маҳалла фуқаролар йиғинидаги 41-а уйда жойлашган салкам 62 сотихли ер қаровсиз, қурилишлар пойдевори қўйилиб, сўнг эгасиз ташлаб қўйилган. Мазкур жой “Фронт калоур” масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлиб, нотурар-жой ҳисобланади. Мулк эгаси Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган жойидан чақирилиб, вазиятга ойдинлик киритилди. 

– Яхши умидлар билан маиший хизмат кўрсатиш объектлари қуриш, кўп қаватли коттежлар бунёд этиш, озиқ-овқат, хўжалик моллари дўконлари, гўзаллик салони қуриш мақсадида ушбу ҳудудни 2016 йилда ҳоким қарори билан фойдаланишга олган эдик, - дейди корхона раҳбари Маъмуржон Аҳмедов. – 12 намунали коттеж қуриш учун “Фарғона ЭМАКС сервис” ташкилоти бизга лойиҳани тайёрлаб берди. Шундан кейин “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” бош лойиҳа қидирув ташкилоти билан келишиш учун имзолар йиғишни бошладим. Қўқон шаҳар бош архитектори, Ер ресурслари ва Давлат кадастри бўлими, Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси, ДСЭНМ бош шифокори, Қўқон шаҳар табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи имзо чекди. Аммо ҳеч қандай сабабсиз Қўқон шаҳрининг собиқ ҳокими Раҳматали Жалилов имзони қўйишни пайсалга солаверди. Ҳужжатни оз эмас-кўп эмас 3 ой ушлаб қолди.

– Қабулига кирмадингизми? 

– Кира олмадимда. Бир неча маротаба қабулга киришга чоғландим. Аммо ҳоким буванинг вақти жуда тиғиз экан, ёрдамчиси ичкарига қўймади. Дардимни айта олмадим. Бу ҳам етмагандай ҳужжат ўтмади, лойиҳангиз бўлмайди, деб ҳафсаламни пир қилишди. Мен иш бундай чаппасига кетади деб ўйламаган эдим. Соддалик қилиб, лойиҳа бўйича бинолар пойдеворларини ташлай бошлагандим, 60 миллион сўм киритиб қўйгандим, 15 қурувчи ишлаб турувди. Қурилишни тўхтатдим, яхшигина зарар кўрдим. Ҳайо-ҳайт деб Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманига кетиб қолдим. 

– У ерда нима қиласиз? 

– Янги, ғайратли ёш ҳоким тайинланган экан. Артемия ва қизилмия ўсимликларни экиш ва улардан доривор воситалар ишлаб чиқариш бўйича таклиф қилди. Россиялик ҳамкорлар билан қўшма корхона очдик. Орол денгизидаги ноёб балиқ турларидан дорилар олиш ва экспорт қилиш бўйича лойиҳаларни бошлаб юборганмиз. 

– Бу ишлариз яхшикуя, лекин бор ерни нега қаровсиз қолдирдингиз? 

– Мени айбим, ҳақиқатдан ҳам эътибор бермабман. Ҳозир 50 одам ташладим, чиннидай қилиб қўйишади. Янги ҳокимимиз жойлашув режасини имзолаб берса, шу куниёқ қурилиш ишларини бошлайман ва олти ойда битиришга ваъда бераман. Қўқон ўз юртим, қанча қилсам кам. 

Асли касби қурувчи бўлган Маъмуржон Аҳмедов Қўқон шаҳрида иккита маҳалла чойхонаси, савдо дўконларини қурган, 320 кўп қаватли эски биноларнинг фасад қисмлари йўлакларини бўяб берган. Ҳозир қурилиш ташкилотида 6 қурилиш техникаси бор. Тез орада 20 янги иш ўрни яратиладиган ва кунига 2 тонна маҳсулот оладиган гидрогел цехини очишни, шунингдек, қизилмия илдизини ойига 500 тонна қайта ишлаб, сироплар қадоқлаб, экспортга йўналтиришни режалаштирмоқда. Тадбиркор шаҳар ҳокимлигидан биринчи масаласи бўйича қурилишга розилик сўраётган бўлса, инновацион гидрогел цехи ва қизилмияни қайта ишлаш корхонаси учун очиқ ер майдони ёки фойдаланилмасдан бўш ётган объекти ажратилишини илтимос қилмоқда.

DSC_8618.JPG

Таъкидлаш керакки, ҳоким Р.Жалилов бир ҳафта муқаддам лавозимидан озод қилиниб, унинг ўрнига аввал ҳам бу ерда ҳоким бўлиб фаолият юритган Маъруф Усмонов тайинланди. Бу тадбиркорларга катта ишонч уйғотмоқда.

 

DSC_8636.JPG

Минг афсуски, мазкур кўчанинг бу ёндошидаги бир гектардан ошиқроқ ер ҳам қаровсиз ва фойдаланилмасдан ётганига гувоҳ бўлдик. Бу ер 2014 йил 14 августда ўша вақтдаги Қўқон шаҳри ҳокими Акрамжон Абдуллаев қарори билан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди эгалигидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан “Қўқон савдо комплекси” масъулияти чекланган жамиятига бириктирилган. Аммо ҳудуд қаровсиз ва фойдаланилмасдан ётибди. Дуппа-дуруст боғни бузишиб, автомобил тўхташ жойига айлантириш режалаштирилган, бироқ ишлар чала қолиб кетган. Албатта, туман мутасаддилари, сектор раҳбари ва бозор маъмурияти бу масалага эътибор қаратишади, деган умиддамиз. 

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА

 

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz

Қорақалпоғистон янгиликларини facebook'да кузатиб боринг - https://www.facebook.com/groups/kruz.uz/

Қорақалпоғистон янгиликларини instagram'да кузатиб боринг - https://www.instagram.com/kruz.uz/

Қорақалпоғистон янгиликларини odnoklassniki'да кузатиб боринг - https://www.ok.ru/kruz.uz

Бўлимлар