Элликқалъада амалга оширилган ишлар

Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишлари cамарасида ҳудуд қиёфаси тубдан ўзгариб, аҳоли фаровонлиги юксалиб бораётир. 

Туманда иқтисодиётни барқарор ривожлантириш юзасидан амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида кейинги ўн йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 5,8 баробар, истеъмол моллари ишлаб чиқариш 77 баробар ошди. Айни пайтда туманда 26 турдаги маҳсулот экспорт қилинмоқда. 

Жорий йилда саноат йўналишида 50,1 миллиард сўмлик 22 лойиҳани амалга ошириш ва бунинг ҳисобидан 413 янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Йилнинг биринчи ярмида 11 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, 105 янги иш ўрни яратилди. 

“Ellikqal’a DENIM”, "Чайка агромаш" масъулияти чекланган жамиятлари, "Лайло-Шаҳло" хусусий корхонаси, “Одамбой-Саловат” фермер хўжалиги, “Бўстон обод махсусқурилиш” хусусий корхонаси, “Дониёр Мадатжон мебеллари” оилавий корхонаси томонидан амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар натижасида ип-калава, жинси мато, пишиқ ғишт, алюмин профилли эшик-ромлар, 40 турдаги замонавий мебеллар ишлаб чиқариш ва мева-сабзавотни қайта ишлаш йўлга қўйилди. 

Чорвачилик йўналишида 60 лойиҳага тижорат банклари томонидан 6,6 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Бу 202 янги иш ўрни яратиш имконини берди. “Амир оқ чашма” фермер хўжалиги қошида “Само тулпорлари” кичик корхонаси ташкил этилиб, зотли отлар кўпайтирилмоқда. “Нуруммат Қурбонов” паррандачилик фермер хўжалигида тажриба мактаби яратилди. Хўжалик 200 мингга яқин жўжанинг 15 мингини кам таъминланган оилаларга тарқатди. “Сарибий парранда” ва “Ўйсаланг нури” фермер хўжаликларида ҳам 15 мингдан ортиқ парранда парваришланиб, аҳолига парҳез гўшт ва тухум етказиб берилмоқда. 

– Қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар фермер хўжаликлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда, – дейди туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи Шуҳрат Қўшназаров. – Туманда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик тармоқларини ҳам ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мева-сабзавот етиштиришни кўпайтириш, экспорт имкониятларидан самарали фойдаланиш, қайта ишлашнинг истиқболли тизимини яратиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Кўп тармоқли фермер хўжаликлари нафақат маҳсулот етиштириш, балки уни қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш билан ҳам шуғулланмоқда. Бир сўз билан айтганда, қишлоқ мулкдори бугунги куннинг пешқадам тадбиркорига, жаҳон бозорининг ишончли иштирокчисига айланмоқда.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишда тумандаги 19 қишлок врачлик пункти самарали фаолият юритмоқда. Саломатлик лойиҳалари асосида замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бундай шифохоналарда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилган. 

Мустақиллик йилларида барпо этилган муҳташам ва замонавий таълим муассасалари ёш авлоднинг жисмонан соғлом, маънан баркамол вояга етишига хизмат қилмоқда. Чунончи, болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ташкил этилган 60 гуруҳда 12 спорт тури бўйича мунтазам шуғулланаётган 800 нафарга яқин ёшларнинг 180 дан ортиғи қизлардир. Жорий йилда Сарабий овули ва Бўстон шаҳрида иккита сунъий қопламали мини-футбол майдончаси ёшлар ихтиёрига топширилди, яна иккитасида сўнгги пардозлаш ишлари олиб борилаётир. 

Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрами нишонланадиган йилда аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасидаги бундай эзгу ишлар кўлами янада кенгайди. Ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 48 хонадонли “Камолот” уйи, Бўстон шаҳрида Жалолиддин Мангуберди номидаги маданият ва истироҳат боғи, Элликқалъа овулида маданият ва аҳоли дам олиш маркази фойдаланишга топширилди. Замонавий автошоҳбекат, кулолчилик цехи, оммавий тадбирлар ўтказишга мўлжалланган муҳташам иморатлар, Қирққиз овулида маиший хизмат уйи, Тозабоғ ва Сарибий овулларида замонавий гузарлар энг улуғ, энг азиз айём олдидан туман аҳлига ўзига хос байрам туҳфаси бўлди. Айни пайтда кенг ва равон йўллар, замонавий кўприклар, табиий газ, ичимлик суви ва бошқа коммуникация тармоқлари барпо этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Туманнинг 8 массивида қад ростлаётган намунавий лойиҳалар асосидаги турар жойлар 410 тага етиб, уларда ҳовли тўйлари нишонланмоқда. 

Гулдурсун овулида 500 ўринли “Орзу” тантаналар уйи, Бўстон шаҳрида автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчаси, Элликқалъа овулида замонавий савдо мажмуаси, Амиробод овулида автомобилларга метан гази қуйиш шохобчаси, “Нуриммат Қурбонов” фермер хўжалиги тасарруфидаги “Бўстон чикен” бройлер цехи, Гулистон овулида мини-маркет каби ўнлаб кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иш бошлагани қўшимча иш ўрни яратиш баробарида, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда. 

Элликқалъа туманининг қарийб қирқ йиллик тарихи ва мустақиллик йилларида эришган ютуқлари, ҳудудда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари Археология ва тарих музейида ўз аксини топган. Қадимий қалъалар нусхаси мужассам бўлган “Очиқ осмон остидаги музей”, Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ташкил этилган “Спорт шон-шуҳрати” музейи, Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф, Ўзбекистон халқ артисти Отажон Худойшукуров хотирасига бағишланган музейлар ёшларни бой маданий ва бадиий меросимиз, миллий ва умумбашарий қадриятлар, илм-фан ёдгорликлари, халқимизнинг турмуш тарзи, санъат асарлари билан таништириш ва уларда Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини мустаҳкамлашда юксак самаралар бераётир. 

Элликқалъада турли фестиваллар, кўрик-танловлар ўтказиш анъанага айланган. 1999 йилдан буён ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган “Нафосат – бўстоним маним” республика санъат фестивали иқтидорли ёшларни кашф этиш ва рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

– Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида халқимиз манфаатини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар, саноатни модернизация ва диверсификация қилиш, аграр тармоқ, хусусан, фермерлик ҳаракати, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасидир, – дейди Элликқалъа тумани ҳокими Неъматулла Худойберганов. – Собиқ тузум даврида чекка ҳудуд сифатида эътибордан четда қолган туманимиз мустақиллик йилларида чирой очиб, аҳоли фаровонлиги ошиб бормоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 39 миллиард 871,3 миллион сўм ёки ўтган йилга нисбатан 8,6 фоизга ўсгани ҳам фикримиз исботидир. Ватанимиз тараққиётига ўзининг ҳиссасини қўшаётган, бугунидан мамнун ва эртанги кунига катта ишонч билан яшаётган элликқалъаликлар мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрамини муносиб кутиб олишга қизғин тараддуд кўрмоқда. 
 

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА 

Фикр билдиришингиз учун рўйҳатдан ўтишингиз керак
Билдирилган фикрлар
  1. #1 18:53, 08.11.2016 Haydarov Islombek

    Bu yerda zamonaviy shoxbekat deb yozib qo'yibdi man shu shoxbekat etirozim bor bu shaxarchaning bir burchagida joylashgan axoliga qulaymas man uyimdan u bekatga boraman deguncha oradan bir soat o'tib ketadi hokimyatdagilar manashularga e'tibor bersa yaxshi bolardi bozor qayaqdaku shoxbekat qayoqda noxotki Hokimyatdagilarni shunga aqli chiqishmidi ko'pchilikni taksida yurishga puli yo'q tumanimizda o'rta xol oilalar ko'p mani taklifim shuki Shaxarchada yangi bozor qurishmoqchi anashu bozor yonida chiroyli zamonaviy shox bekat qurish kerak noxot xalq etirozlarni xechkim xissobga omasa

Бўлимлар