Саламат Авезов: «Билим олмасдан мақсадга эришиш — бу тайёр ошга ҳамтовоқ бўлиш дегани»

Саламат Авезов Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали ўқув-ёрдамчи бўлими лаборанти.

У 1983 йили Нукус шаҳрида туғилган. Саламатга болалар церебрал фалажи ташхиси қўйилган, II гуруҳ ногирони. Аммо шунга қарамай, матонатли бу йигит 2008-2012 йилларда ТАТУ университети Нукус филиалида информатика ва ахборот технологиялари йўналишида таҳсил олган.

ТАТУ Нукус филиали расмий сайти — www.tatunf.uz, www.kruz.uz, Makan.uz, KarInform.uz сайтлари, «Еркин Қарақалпақстан», «Қарақалпақстан жаслары», «USTAZ JOLI — Ustoz yo`li» зиёлилар газетасига ўзбек, қорақалпоқ, рус тилларида мақолалар ёзади.  Шунингдек, ўзининг «SA.KR.UZ» шахсий веб-сайтини юритади. Инглиз, рус, ўзбек тилидаги эртаклар, ҳикоя, қиссалар ва воқеий ҳикояларни қорақалпоқ тилига таржима қилиб, ўз сайтига жойлаштириб боради. Болалар церебрал фалажи касаллигига чалинган ногирон инсонлар учун «ДДЁ — дўстлар билан дилдан ёзишамиз» махсус мулоқот гуруҳини ташкил қилган. www.intali.uz  ёш ижодкорлар портали  ҳамда www.it-express.uz  ёш дастурчи ва мутахассисларга мўлжалланган веб-сайти лойиҳалари муаллифи.

Саламат Авезовга Ўзбекистон ёшлар иттифоқидан "Ташаккурнома".

Ўзбекистон Қаҳрамонлари Иброҳим Юсупов ҳамда Тўлепберген Қаипбергеновларнинг қорақалпоқ, ўзбек, рус тилларидаги веб-сайтларини яратган.

– Саламат иним, ҳаётда етти мучаси соғ одамлар кўп. Аммо уларнинг орасида ҳеч нарсага қизиқмайдиганлари ҳам бор. Сиз ҳаётга кучни қаердан оласиз?

– Тўрт мучаси соғ бўлмай туриб барча ғам-ғуссани унутиш, тағин, ҳамма одамлар қатори тенгма-тенг меҳнат қилиш унча-мунча кишининг қўлидан келмайди. Бундай инсон чинакам матонатли, кучли иродага эга, қалби муҳаббатга тўла бўлиши керак. Орамизда ана шундай инсонлар кўплаб топилади.

Ҳаётга бўлган кучни ҳеч ким туҳфа қилмайди. Чунки онгга ҳеч бўлмаса, бир марта сингдирилган ҳаёт ҳақиқати инсоннинг бутун умри давомида таъсир кўрсатиб, ўзини бошқара олишни ўргатиб, танангизнинг ҳақиқий соҳибига айланасиз ва барча ҳаётий муаммоларингизни қийналмай ҳал қила оласиз.

Ҳаётнинг беғуборлик ҳиссини туйиш, дардига шифо дамлари насиб қилармикан, деган орзуларга кўмилиб яшаётган инсонлар орамизда озмунчами?

Мен ҳам болалик чоғларимда ана шу саволлар гирдобида қолган эдим. Шукрки, бугун меҳрибон ота-онам ҳамда яқинларимнинг далдаси менга куч бағишлаб туради. Бошқалар билан солиштирганда, имкониятларим доираси бироз чекланган. Шунга қарамай, кўп нарсалардан бебаҳра қолмасликка, олдинга интилиб яшашга ҳаракат қиламан. Ўтган йиллар давомида бир нарсани англадим, касаллик – бахтсизлик эмас, ироданинг синови, холос.

Оилада ота-онам ва яқинларим мени ўзларидан ҳам кўпроқ аяшади, парвариш қилишади. Улардан жуда миннатдорман. Отам-онамдан фақат бир нарсани эшитишни хоҳлайман: «Сен фарзандлик бурчингни бажаряпсан, орзу-ҳавасларимизни рўёбга чиқаряпсан, биз розимиз», дейишса, бу дунёда мендан бахтли инсон бўлмайди. Улар менинг биринчи ўқитувчиларим. Ҳаётни, яшашни ўргатган аслида шу кишилар бўлади. «Ўғлим, журъатли бўл!» деган ўгитларини унутмайман. Ота-онам менга илоҳий куч бағишлайди. Улардан бир умр миннатдорман. Қолаверса, жондан азиз бувижонимга ҳам раҳмат айтаман.

Менгаям равон гапириш насиб қилармикан, қани энди кичкина бўлсаям умид учқунини кўра олсам, буёғига қандай қилиб одамлар билан мулоқотга киришиб кетаман? Бу ҳақида кўп ўйладим, лекин қанчалик қайғули бўлмасин бу бор ҳақиқат. Ҳаёт ва бахт тушунчаси ҳар ким учун алоҳида мазмун касб этади. Айтайлик, кўзи ожиз одамнинг бахти билан кўз нуридан айрилмаган, тилида нуқсони борлар-чи? «Яхши, раҳ-мат...» деб бош силкитиб қўяверадилар, аслида билганлар учун бир гапни равон айтиш одамга ҳузур бағишлайди.

Ҳаёт ширин ва гўзал неъмат. Инсон умри давомида ҳаётнинг қувонч ва ташвишларини кўради, аччиқ-чучугини тотади. Бинобарин, умр йўлларида кўп нарса учрайди инсонга. Ҳаётдан ноумид эмасман, бу қалбимда умид чироғини ёққан.

– Кундалик дафтар тутаркансиз. Унинг саҳифаларида қувончли онлар кўп битилганми ёки тушкунлик ҳолатлари акс этганми?

– Кундалик – бу кўнгил кўзгуси. У ўй-хаёлдан тортиб, туйғуларгача кўрсатади. Унга қараб босиб ўтаётган умримни сарҳисоб қилиб бораман. Дилимдаги қалб дафтарим энг яқин дўстим, сирдошимга айланди. Унга қалбим тубидаги мудраб ётган, ҳеч кимга айтолмаган дил сўзларимни, ҳаёт ва хаёл билан кураш онларимни хаста қўлларим, ожиз қаламимни ўпиб муҳрлайман.

Сизга қалб дафтаримдаги мен учун энг азиз мисраларни келтирайми?

«Тўхтаган инсонгина ҳамма нарсадан мосуво бўлади. Нурли тонгни қарши олиш бу – энг улуғ БАХТ. Барчамиз мунаввар осмонга термулиб, эзгу ниятлар, олам-олам орзу-умидлар қиламиз. Бу оламда она қалби, аёл меҳри, унинг чексиз самимияти, куюнчаклигидан-да каттароқ муҳаббатни топа олмайсиз. Онажон, юзингиздан бахт учқуни уфуриб турибди, самимий табассумингиз оламни титратади. Сизга ҳаётнинг ифорли тароватини ҳис этиб яшаш насиб айласин. Ўзгалар қалбига умид учқунини уйғотиш одамийликка хос фазилат. Қалбингиз фақат меҳр ва муҳаббатга тўла марваридларингиз кўп бўлсин!».

–  Ҳаётдаги шиорингиз?

– Сени эшитишни хоҳлаганлар, албатта, эшитадилар.

Фото: «Xabar.uz»

– Билим олмасдан туриб ҳам мақсадга эришиш мумкинми?

– Билим озуқадир. Ақл ва қалб у билан озиқланади. Билим муваффақият, билимсизлик эса мағлубият. Ўз қобилиятимизни ҳисобга олмасдан, бировларнинг тавсиясига кўра иш юритсак ёки бирор касбни танласак, охир-оқибатда афсус қилиб қолишимиз мумкин.

Мақсаднинг реал ҳаётга мос келмаслиги, унга эришиш учун мотивациянинг йўқлиги, иродасизлик, интизомнинг етишмаслиги, молиявий муаммолар, ўз шахсидан қониқмаслик ва ўз кучига ишонмаслик мақсад олдидаги тўсиқлар, деб биламан. Ҳар қандай мақсадга эришишнинг калити — ҳар куни сизни истагингиз томон яқинлаштирадиган саъй-ҳаракатингиздир. Билим олмасдан мақсадга эришиш — бу тайёр ошга ҳамтовоқ бўлиш дегани. Инсон ўзи бутун вужуди билан меҳнат қилса, еган оши тотли ва мазали бўлади. Мақсадга эришиш учун инсон қатъиятни ўзига дўст билиши керак.

Ногиронлиги бўлган шахслар кўпинча фавқулодда истеъдод соҳиби бўлади. Шунга яраша фикр доиралари кенг, кўнгил дунёси гўзал. Уларнинг умид билан яхши натижаларга эришиш учун жон-жаҳди, онгу тафаккури, ақл идроки ва заковати покиза қалб ила интилишларининг ўзи катта муваффақиятдир.

Инсон ўзига мен ногиронман, шунинг учун бахтсизман, деган фикрни сингдирмаслиги керак. Чунки, ҳаётда ҳамма нарса ўзимизга боғлиқ. Ҳар бир қилинган меҳнат киши руҳиятини метиндай тоблайди. Сабр тўла улкан қопни елкангга ортмоқлаб юриш замирида катта меҳнат ётишини ҳис қилиш зарур. Оила қўрғонимиз узоқ вақт турмушнинг изғирин шамол ва ёмғирларида нураб кетмаслигини истасак, уни сабр аталмиш пойдевор устига барпо қилишимиз даркор.

–  Инсон орзусиз яшай олмайди...

– Ютуққа кўзи етмаган инсон муваффақият чўққиларига чиқа олмайди. Чиққан тақдирда ҳам.... Мақсад эса орзусиз бўлмайди. Демак, орзуингиз доирасини кенгайтиришдан қўрқманг. Нима хоҳлаётганини билган инсон учун қийинчиликларни енгиш – бургут самода учиб, ўзига озуқа қидиргани билан баробар. Ранг-баранг расмлар чизаман. Расмларимда ўзимни тўрт мучам соғ инсон қиёфасида тасвирлайман, аслида бу ҳам орзу. Қўллар ва оёқларим соғ, сўзларимни равон ифода этаётгандек бўламан. Орзуларим оғушида парвоз қиламан. Бу расмларга қараб, жамиятда менинг ҳам ўрним борлигини, бахтли яшашга ҳақли эканимни ҳис этаман.

Магистратура йўналишида таҳсил олиш ва АКТ соҳаси ривожига ўз ҳиссамни қўшишни истайман. Яна меҳрибон ота, садоқатли турмуш ўртоқ бўлиш орзуидаман.

Абдуғани Абдураҳмонов суҳбатлашди, xabar.uz

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz

Қорақалпоғистон янгиликларини facebook'да кузатиб боринг - https://www.facebook.com/groups/kruz.uz/

Қорақалпоғистон янгиликларини instagram'да кузатиб боринг - https://www.instagram.com/kruz.uz/

Қорақалпоғистон янгиликларини odnoklassniki'да кузатиб боринг - https://www.ok.ru/kruz.uz

Бўлимлар