Корхона, завод, музей, «Арба», отлар, кўл… Қонликўлга бир кунлик саёҳат (+фото)

29 апрель куни Қонликўл тумани ҳокимлигининг ташаббуси билан ёш журналистлар Қонликўл туманига медиа-тур ташкиллаштиришди.

Эрталаб соат 09:45 да туман ҳокимлиги томонидан ажратилган автобусда йўлга чиқдик. Бир соатдан сўнг туманга кириб келаверишда «Қосжап» ОФЙда асаларичилик билан шуғулланувчи Айтбай ота Хожаназаров билан учрашдик. Бу ерда туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш, маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари Қуралбай Абдикаримов ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Нукус шаҳар Кенгаши раиси, хунарманд ва дизайнер Айзада Нурумбетовалар ҳам кутиб олишди.

Очиғини айцак, биз буни кутмаган эдик. Орамиздаги кўпчилик асаларичилик жараёни билан илк бора танишишди. Мен асаларичилик билан шуғулланувчиларни, айниқса бошига ўзига хос бош кийим киядиган инсонни Улуғбек Рахматуллаевнинг «I love you» клипида кўрган эдим. Бу бош кийимни ўзим ҳам кийиб кўрдим. Орамизда бир қизни ари чақишга ҳам улгурди. Пенсия ёшида бўлишига қарамасдан отахонни шижоати таҳсинга сазовор.

Шундан сўнг туманда янгидан барпо этилаётган «Кантекс Инвест» хусусий корхонасига ташриф буюрдик. Декабр ойида туман ҳокими Мэлс Қосназаровдан интервью олишга келганимда қурилиш ишлари давом этаётганди. 4 той ичида анча ишлар қилинганига гувоҳ бўлдим. Маълум қилинишича 312 млрд сўм инвестиция киритилган бу корхонанининг қурилиш ишларининг 95 фоизи ўз якунига етган ва мустақиллигимизнинг 27 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилади.

Ташкилий ишларга гап бўлиши мумкин эмас эди. Қурилиш жараёни билан танишиш учун ичкарига кираётганимизда бизга махсус бош кийимлар тақдим этилди. Ўзимизни худди профессионал қурувчилардек ҳис қилдик. Дарвоқе, бизга мазкур корхонада туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникация ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Қуандиқ Эшмуратов ҳамроҳлик қилди.

Шу ерда биз автобусдан воз кечиб 4 та «Дамас»га бўлинган ҳолда Кунжутни қайта ишлаб чиқариш заводи томон йўлга чиқдик. Йўл-йўлакай туман марказига яқинроқ жойда ҳокимликнинг «Kanews.uz» сайтининг рекламасига кўзимиз тушди. Қорақалпоғистонда ҳали бирорта ҳам туманда ҳокимликнинг сайтининг рекламасини кўрмаганим учун бу ҳам бир янгилик бўлди.

Туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Алишер Абдираззаков бизга завод 30-40 кунлардан сўнг ишга тушиши ҳақида маълумот бериб ўтди.

Тушлик вақти бироз ўтиб кетган бўлса ҳам, деярли ҳеч ким оч бўлганини эсламади ҳам. Заводдаги саёҳатимиздан сўнг бизни янгидан очилган музейга олиб боришлари ҳақида айтишди. Тўрт ой муқаддам туман ҳокими Мэлс Идрисович янги музей ташкил қиляпмиз деганида кўз олдимга картиналарга тўла музей келган эди. Музейда бизни ўзгача манзара кутиб турган экан. Машинадан тушмасимданоқ форма кийиб олган жаноб ҳуштак чалиб уёқдан буёққа юрар эди. Ким ўзи бу? Ҳуштак нимага керак? Милиция деса милицияга ўхшамайди? Қизиқ! Хуллас музейга кирдик.

Шундан кейингина у жанобни кимлигини билдик. У почтльон экан. Атиги 4000 сўм эвазига ўз яқинларингизга хат йўллашингиз мумкин. ХХI асрнинг 18-йилида яшаётган эканмиз ким хам хат ёзарди? Умуман олганда почтальоннинг музейга нима алоқаси бор?

 

Хуллас музейга ҳам кирдик. Кирдику болалик пайтимизга қайтгандек бўлдик гўё. Яъни музей мен ўйлаганчалик картиналар музейи эмас экан. «90-йиллар музейи» деб номланган мазкур музейда 90-йилларга оид техника воситалари бор экан. Компьютерлар, телефонлар, купюралар, пластинкалар, телевизорлар… 90-йилларга оид нима бўлса ҳаммаси бор.

Ҳар бир экспонатга қарар эканман, болалик пайт, ўша экспоанатга оид хотиралар эсга тушаверарди. Кўнгли бўш одамни кўзига ёш келарди десам мени муболаға қилаяпти деб ўйламанг. Музейда бизга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қонликўл тумани Кенгаши раиси Рустем Калимбетов гидлик қилди.

Дарвоқе, почтальон нега бу ерда эканига энди тушундим. СМС ва «Телеграм»ни даврида яшаб,  музейга кириб чиққандан сўнг кимгадир хат ёзгинг келиб кетар экан. Қонликўлга борсангиз музейга кириб, почтальон орқали қайсидир қадрдонинггизга хат йўллашни унутманг.

Соат 14:00. Оч бўлганимизни сезмаяпмиз. Бизнинг кейинг манзилимиз «Арба» деган жой экан. Кўз олдимга бирорта эски тарихий арава бор жой келди. Бошқа нимаям келиши мумкин. Бу ҳаёл фақат менда эмас экан. Ёнимиздагилар ҳам шундай тасаввур қилишибди. Бироқ…

Трасса бўйида жойлашган «Арба»ни кўриб хайрон қолдик. Ҳоким ўринбосари Қурал Абдикаримов “Туризм бўйича тарихий жойларимиз йўқ деб ўтириш билан иш битмайди, шу боис ҳам янги тарих яратиб, туристларни жалб қилиш учун йўл бўйида дам олиш ўрни ташкил этдик. Тадбиркор бу жойда эски Аравани ўрнатди. Аравани тагида эса дам олиш жойи бор. Бундан ташқари туркман, қирғиз ва қозоқча ўтовлар ҳам қурилди», дея сўзлаб берди. Ҳали «Арба»да қурилиш ишлари тўлиқ битмаган эди. Агар бу жой фойдаланишга топширилса, ишончим комилки туристларда қизиқиш уйғотади. Бу ерни шунчаки сайр қилмадик. Бизни куй наволар билан кутиб олишди. Ажойиб концерт қўйиб беришди. Бундан ташқари рақсга тушишга «мажбурлашди».

Айтганча устозимиз Давлетбай Бекбавлиевни ўзим учун кашф қилдим. Устоз «Айдинлар» қўшиғини микрофон орқали жонли ижрода айтиб бердилар. Биз ҳам тинч турмадик албатта. Устозга шерик бўлдик. Айдинларни эшитиб жим туриб ҳам бўлмайдида.

Соат 15:20 ларда оч бўлганимиз эсга тушиб қолди. Бизни навбатдаги ажойиб манзил кутиб турар эди. От фермасига ва кўл жойлашган ҳудудга етиб бордик. У ерда бизни ноодатий тушлик кутиб турган эди. Ёмон одам еган нарсаси билан мақтанади деган гап бор. Мақтанмоқчи эмасман, лекин 26 ёшимга келиб бундай ноодатий таомларни кўрмаганман ва емаганман.

Тушлик қилиб бўлгач от фермасига сайр қилдик. Умуман олганда орамизда кўпчилик илк марта отга миниб кўрди. «Олим сейс» фермер хўжалиги раҳбари Муратбай Аралбаевнинг маълум қилишича, у қорақалпоғистонда от спортини ривожлантириш учун 100 га яқин от боқаётган экан. Қойил қолдик. Айтганча фермер хўжаликнинг логотипи ҳам бор экан. Мана сизга яна бир янгилик.

Кейин кўл бўйига бориб, балиқ овламасак ҳам сузаётган балиқларни томоша қилдик.

Гулҳан атрофида расмга, рақсга тушдик, картошка едик, гитарада қўшиқ куйладик… Хуллас вақтимиз анча мароқли ўтди. Чарчадикми? Ҳа жудаям чарчадик, лекин бу ёқимли чарчоқ эди. Ҳа айтганча, кўлда бизни туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Жанашов кутиб олди. Биз оддий, ёш журналистлар бўлсаку, тўртта жойда бизни тўртта ҳоким ўринбосари кутиб олса, бунақаси тушимизга ҳам кирмаганди. Бундай эътибордан бошимиз кўкка етди.

Айтганча эсимдан чиқай дебди. Биз тумандаги Китоб жиёнобига ҳам бордик. Қорақалпоғистондаги бошқа бирорта ҳам туманда  китоб эсдалиги йўқлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Медиа-тур якунида туман ҳокимлигининг мажлислар залида ҳоким Мэлс Қосназаров билан учрашдик ва Қонликўл туманининг келажакдаги режалари билан танишдик.

Хуллас гапирсам гап кўп. Ҳали ҳар бир объект ҳақида алоҳида репортаж тақдим этамиз. Бизни кузатишда давом этинг. Ажойиб медиа-тур учун Қонликўл тумани ҳокимлигига ташаккур изҳор этамиз.

Фурқат Юсупов

Расмлар муаллифи Бауржан Ботабаев

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz

Қорақалпоғистон янгиликларини facebook'да кузатиб боринг - https://www.facebook.com/groups/kruz.uz/

Қорақалпоғистон янгиликларини instagram'да кузатиб боринг - https://www.instagram.com/kruz.uz/

Қорақалпоғистон янгиликларини odnoklassniki'да кузатиб боринг - https://www.ok.ru/kruz.uz

Бўлимлар