Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармасида матбуот анжумани бўлиб ўтди

Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармасида Иқтисодиёт Вазирлиги, Статистика ва Божхона бошқармалари ҳамда Рақобат қўмитаси билан ҳамкорликда бўлиб ўтган навбатдаги матбуот анжумани шундай номланди.

Анжуманда сўзга чиққанлар мустақиллик йилларида мамлакатимизда иқтисодий соҳаларда эришилган ютуқлар, кузатилган ривожланишлар, тадбиркорлик субектлари учун яратилган шарт-шароитлар, солиқ, статистик ҳисоботларнинг электрон тизими, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва республикамиз ҳудудига ноқонуний маҳсулотлар кириб келишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида оммавий ахборот воситалари ходимларига атрофлича маълумотлар берди.

Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасини янада ривожлантириш, уларга қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, ўсиб келаётган ёш авлодни тадбиркорлик соҳасига кенг жалб этиш, аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш ҳамда оилалар даромадлилик даражасини ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Солиқ бошқармасидан маъруза қилган масъул ходимлар буларнинг тасдиғи сифатида қуйидаги жумлаларни келтирди: Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 375-моддасига 2015 йилдан бошлаб киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга асосан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлагандан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, рўйхатидан ўтган санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилди.

Шунингдек, Солиқ кодексининг 311 ва 375-моддаларига киритилган қўшимчаларда янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркор, шу жумладан оилавий тадбиркорлик субектининг оила аъзолари учун қатъий белгиланган солиқни ва суғурта бадалларини тўлаш улар давлат рўйхатидан ўтказилган ойдан кейинги ойдан бошлаб амалга оширилиши белгиланди.

Шу тариқа ҳамкорликдаги идораларнинг ҳар бири ўз йўналишларида мустақиллик йилларида амалга оширган ишлари ва келажакда кутилаётган натижаларга тўхталди.

Тадбир якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.

Нигора Розибаева, Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси Ахборот хизмати бош мутахассиси
 

Бўлимлар