Ўзбекистонда апрель ойида метан қимматлашди, пропан нархи тушди

Метан нархи бир қатор вилоятларда қимматлашди ҳамда мамлакатнинг барча ҳудудлари кесимида пропан нархи арзонлашди, деб хабар беради ЎзА, дея ёзди "Daryo.uz"

Жорий йилнинг апрель ойи давомида ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархлари нисбатан барқарор суръатда ўсганлиги Давлат статистика қўмитасининг 2018 йил апрель ойи учун Ўзбекистон Республикаси истеъмол секторидаги инфляция даражаси ҳақидаги маълумотида қайд этилди.

Унга кўра, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ўтган ойга нисбатан бироз қимматлашиб, (ойлик ўртача 0,4 фоиз) бу эса истеъмол нархлари индексининг умумий ўсишига 0,2 фоиз даражада таъсир кўрсатди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотларининг асосий гуруҳлари бўйича нархларнинг ўсиши сезиларли даражада қурилиш материалларида, маиший тўқимачилик маҳсулотлари, ошхона жиҳозлари ҳамда автомобиллар учун ёқилғи нархларида кузатилди.

Жорий йилнинг апрель ойи давомида қурилиш материаллари нархлари ўсиш суръати анча пасайган бўлса-да, барибир ноозик-овқат маҳсулотлари умумий гуруҳининг ўртача нархларидан юқори даражада қимматлашди.

Нархларнинг асосий ўсиши ғишт (3,6 фоиз), цемент (2,5 фоиз), бўёқлар (1,6 фоиз) гулқоғоз (1,0 фоиз) маҳсулотларида кузатилди.

Автомобиллар учун ёқилғи нархлари индексининг ошишида метан нархининг бир қатор вилоятлар бўйича қимматлашганлиги (республика бўйича ўртача ўсиш даражаси 8,4 фоизни ташкил этди), шунингдек, мамлакатнинг барча ҳудудлари кесимида пропан нархининг ўртача 18,7 фоизга арзонлашганлиги натижасида юзага келди.

Кийим-кечак ва оёқ кийим нархларининг кўтарилиши, мавсумий ўзгаришлар таъсири натижасида содир бўлди: баҳор-ёз мавсумий кийим-кечак ҳамда оёқ кийим нархлари қимматлашиши баробарида, қишки кийимлар ва оёқ кийимлар нархларининг арзонлашиши кузатилди.

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz

Қорақалпоғистон янгиликларини facebook'да кузатиб боринг - https://www.facebook.com/groups/kruz.uz/

Қорақалпоғистон янгиликларини instagram'да кузатиб боринг - https://www.instagram.com/kruz.uz/

Қорақалпоғистон янгиликларини odnoklassniki'да кузатиб боринг - https://www.ok.ru/kruz.uz

Бўлимлар