Нукусдаги энг қиммат, 87 дақиқа давом этган Шахзоданинг концертидан репортаж (фото)

2 май куни Нукус шаҳридаги "Амфитеатр"да ўзбек эстрадасининг ёрқин юлдузи Шахзоданинг "Шахзода сенинг шаҳрингда" деб номланган концерт дастури бўлиб ўтди.

18:00 да бошланиши керак бўлган дастур 41 дақиқа кеч бошланди. "Амфитеатр" 85-90 фозига тўлди. Даставвал саҳнага бошловчи Сарсенбай Жеткербаев чиқди. Шундан сўнг кечанинг асосий қаҳрамони эълон қилиб, уни саҳнага таклиф этди.

Ўзбекча гапириб саҳнага чиққан хонанда дастурни "Ассалому алейкум" деб номланган қўшиғи билан бошлади.

Шахзода концерт мобайнида томошабинлар билан яхши алоқа ўрнатди. Расмга тушиш учун келган мухлисларини бирортасини ҳам рад этмасдан, ҳаммаси билан расмга тушиб чиқди. Барча расмга тушганларни сонини қўшганда камида 300 та одам чиқса керак. Буни энди ижтимоий тармоқлардаги расмлар орқали билиб олишимиз мумкин.

Шундан сўнг Шахзода саҳнага қизларни таклиф этди. 15 га яқин қиз хонанданинг қўшиқларини жонли ижрода айтиб, ўзаро мусобақалашишди. Ким ғолиб бўлди? Лайло исмли қиз. У ҳақда бошқа маълумот йўқ. 

Шахзода саҳнадан пастга тушиб дастхат сўраган мухлисларининг талабини бажарди. 

Кийим алмаштириш ватқи етиб келди. Шундан сўнг "Айқулаш" ансамблининг йигитлари "Шағала" қўшиғига рақс тушиб, томошабинларни хурсанд қилди.

Сўнгра бошловчи 4 нафар қиз ва бир йигитни ўртага таклиф этди. Улар яна Шахзоданинг қўшиғини ижро этиб мусобақалашишди. Бу сафар барча ғолибларга хонанданинг диски совға сифатида тақдим этилди.

Янги кийимда саҳнага қайтган Шахзода "Кечалари" қўшиғини ижро этди. 

Дарвоқе, мавзуга қайцак. Шу пайтгача Нукус шаҳрида ҳеч бир хонанданинг концертига чипталар 30 минг сўмга сотилмаган эди. Агар бундан қиммат концерт бўлган бўлса, янада аниқлаштириб, бу ҳақда маълумот бериб ўтамиз. 

Шахзода томошабинларга юзланиб "Севган инсонинггизни қандай эркалайсиз" дея мурожаат қилди. ҳар хил жавоблардан сўнг у "Уйда турмуш ўртоғимни қандай эркалашимни биласизларми? Буни ҳозирги қўшиғим орқали билиб олишингиз мумкин", деб "Мой золотой" қўшиғини куйлади. Кўпчилик қатори мен ҳам "Бегим" қўшиғини айца керак деб ўйлаган эдим. Бироқ дастур давомида бу қўшиққа мурожаат қилинмади. 

Умуман олганда хонанда янҳги қўшиқлари билан бир қаторда эски, хит қўшиқларини ҳам куйлаб, ёши каттароқ мухлисларини 10-15 йил олдинги хотираларни тақдим этди.

Концерт якунида Шахзода "Ватан" қўшиғини айтди ва соат 20:08 да дастур ўз якунига етди. 87 дақиқалик концерт ёмон ўтмади. 

Мухлислик маданияти? 2 йил олдингига нисбатан ўсиш бор. Ҳар холда концерт тугамасидан уни тарк этганлар анча кам бўлди. 

Фурқат Юсупов

Расмлар муаллифи Тимур Полатов

 

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz

Қорақалпоғистон янгиликларини facebook'да кузатиб боринг - https://www.facebook.com/groups/kruz.uz/

Қорақалпоғистон янгиликларини instagram'да кузатиб боринг - https://www.instagram.com/kruz.uz/

Қорақалпоғистон янгиликларини odnoklassniki'да кузатиб боринг - https://www.ok.ru/kruz.uz

Бўлимлар