5-май – Ибрайим Юсупов таваллуд куни

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Ибрайим Юсупов ижоди ХХ асрнинг иккинчи ярми – ХХИ аср бошларидаги қорақалпоқ адабиёти тарихида ёрқин саҳифани ташкил қилади. 1949 йил Қорақалпоқ давлат педагогика институтини битиргач, 1961 йилгача шу олий даргоҳда ўқитувчи бўлиб ишлади. 1961–1962 йилларда “Амударё” журналининг бош муҳаррири, кейинги уч йил мобайнида Нажим Давқорав номидаги тил ва адабиёт институтида илмий ходим, 1965–1980 йилларида Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси, 1980–1988 йилларда “Еркин Қорақалпоғистон” (собиқ “Совет Қорақалпоғистони”) газетасида бош муҳаррир, шунингдек, кейинги йилларда Тинчлик қўмитасининг Қорақалпоғистон бўлимига (1988–1994), Республика Маънавият ва маърифат марказига (1994–2000) раислик қилди.

Унинг шеърлари 40-йилларда матбуотда эълон қилина бошланди. Болалигида қорақалпоқ халқ оғзаки ижоди намуналарини, Шарқ адабиётлари ҳамда мумтоз адабиётимиз намояндаларини, талабалик йилларида эса рус ва жаҳон адабиёти дурдоналари билан яқиндан танишиб, уларнинг асарларидаги бадиият сирларини қунт билан ўрганди. Шоир ўзининг илк асари “Ватаним” шеъри эълон қилинган пайтдан (1946) бошлаб, умриниг охиригача “Бахт лирикаси” (1955), “Кунчиқар йўловчисига” (1959), “Ўйлар” (1960), “Етти наво” (1962), “Дала орзулари” (1966), “Кўнгил кўнгилдан сув ичар” (1971), “Тўмарис” (1974), “Илҳом”, “Ташвишларга бой дунё” (1987), “Тузли шамоллар” (1988), “Кўнгилдаги кенг дунё” (1989), “Беклигингни бузма сен…” (1995), “Ҳар кимнинг ўз замони бор” (2004) каби шеърий тўпламларини нашр эттирди. Унинг икки жилдлик “Танланган асарлар” тўпламлари икки маротаба – 1978–79 ва 1992 йилларда нашр қилинган. Турли йилларда чоп этилган тўпламларда шоирнинг “Ўртоқ муаллим”, “Акация гуллаган ерда”, “Актрисанинг иқболи”, “Гиламчи аёл”, “Эски фаввора эртаги”, “Дала армонлари”, “Тўмарис”, “Булбул уяси”, “Фаришта ой”, “Посейдоннинг ғазаби”, “Ватан тупроғи” ва бошқа достон (поэма)лари эълон этилган.

Бундан ташқари Ибрайим Юсупов бир қатор пьэса ва публицистик мақолаларнинг ҳам муаллифи ҳисобланади. Шоир кўплаб қардош халқлар ва жаҳон адабиёти мумтоз шоирлар асарларини қорақалпоқ тилига таржима қилиб, сайрата олган таржимондир. У А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов, Т.Шевченко, Ж.Г.Байрон, И.В.Гёте, Г.Гейне, Ф.Шиллер шеърларини, Шекспир сонетларини, Алишер Навоий ва Ҳофиз ғазалларини, Умар Хайём рубоийларини қорақалпоқ тилига юксак маҳорат билан таржима қилиб, миллий адабиётимизни бадиий-ғоявий, шаклий жиҳатдан турли асарлар ила бойитди.

Шоир Ўзбек адабиёти билан абадий дўстлик мавзуси Ибройим Юсупов ижодидаги энг ёрқин саҳифаларни ташкил қилади. У ижодкор, таржимон, матбуот ходими, жамоат арбоби сифатида ўзбек адабиёти ва маданиятининг йирик вакиллари билан дўстлашди, ижодий мулоқотларда, сафарларда бирга бўлди. Ғафур Ғулом, Ойбек, Зулфия, Комил Яшин, Ҳамид Ғулом, Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон сингари ижодкорлар билан ижодий муносабатлари ҳар доим янги-янги мазмун ва ибратли воқеалар билан бойиб борди. Унинг ўзбек тилида “Булоқлар қайнайди” (1960), “Олтин қирғоқ” (1962), “Саҳро орзулари” (1967), “Чўл тўрғайи” (1972), “Раҳмат сенга, замоним” (1979), “Қоратол” (1988), “Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг” (2009) каби шеърий тўпламлари чоп этилган бўлса, рус тилида “Песни горного ручья” (1960), “Меридианы сердца” (1966), “Глаза яширицы” (1973), “Стихи” (1976), “Звон стремени” (1981), “Стремлюсь всей душой” (1986), тўпламлари қирғиз ва туркман тилларида бир қатор китоблари нашр қилинди. Унинг ше`рлари қозоқ, украин, белорус, грузин, латиш, болгар ва бошқа халқлар тилларига таржима қилинган.

Мустақиллик йилларида шоир ижоди муносиб қадрланди. Унинг шеър ва публицистик асарлари кўп минг нусхада чоп этилди. И.Юсупов "Эл-юрт ҳурмати", "Дўстлик" орденлари билан тақдирланди. 2004 йил унга Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 21 январь куни Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон халқ шоири Ибройим Юсупов номидаги мактаб бунйод этиш, мактаб олдида шоир ҳайкалини ўрнатиш, босмахона ташкил қилиш бўйича топшириқлар берган эди.

Шунга мувофиқ, Нукусда уч қаватли замонавий мактаб барпо этилди. Ибройим Юсупов ҳайкали ўрнатилган жой ижодкорлар, ёшлар учун яна бир хиёбонга айланди. Мактаб қошида китоб таржима қилиш ва чоп этиш маркази ташкил этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Ахборот хизмати

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz

Қорақалпоғистон янгиликларини facebook'да кузатиб боринг - https://www.facebook.com/groups/kruz.uz/

Қорақалпоғистон янгиликларини instagram'да кузатиб боринг - https://www.instagram.com/kruz.uz/

Қорақалпоғистон янгиликларини odnoklassniki'да кузатиб боринг - https://www.ok.ru/kruz.uz

Бўлимлар