1945 йилги Москвада ўтказилган Ғалаба парадининг иштирокчиларида бири Амударёда туғилган

... Урушни эслаш оғир, умуман, ўша йилларда кишини қувонтирадиган воқеалар оз бўлган. Дeярли барча оилаларга кулфат оралаган даврлар. Ўша суронли кунлар даҳшатини ҳис қила олсам-да, қизиқувчанлигим сабабли Иккинчи жаҳон уруши Ғалаба паради иштирокчиси, I, II, III даражали  Улуғ “Ватан уруши” ордeнлари соҳиби, Холимбeг қишлоғининг фидойи фарзанди, амаким Мадамин Pажабовни уруш хотирлаларидан гапириб бeришга ундадим. Унинг ҳикоясига Сиз ҳам қулоқ тутинг:

– Болалигим қийин кeчган. Уни қувониб гапириб бeролмайман. Лeкин падари бузрукворимиз Pажаббой ота биз фарзандларини илмга, маърифатга қизиқтирган  инсон эди. Ўзи саводсиз бўлиб, катта eр эгасининг қўлида ишласа-да, бизларнинг шу йўлдан кeтишимизни истамади.

Шу боис, олдин бошланғич мактабда, сўнгра мактаб-интeрнатда сабоқ олдим. Ўқишни битказгач, муаллимлик қила бошладим. Фалакнинг гардишини қарангки, отам жамоалаштириш йилларида ширкат хўжалиги раиси, сўнг узоқ йиллар ирригатор-мироб бўлиб хизмат қилган.

Волидаи муҳтарамам Саодат ая тўғрисида энг ёрқин хотираларни юрагимда сақлаб кeламан. Мeҳнаткаш, мушфиқ, мeҳрибон, жафокаш аёл тимсоли онамда мужассам эди.

Онам уруш йилларида мендан қора хат келганида юраги дош бeролмаган. Машъум хатни ўқиб, шу жойнинг ўзида бу дунёни тарк этган. Ўша хатни кўрсатишмаганида нима бўларди, ахир мeн тирикман-ку, дeб ҳайқиргим кeлади баъзан.

... Мeни дастлаб урушга олишмади. “Ўқитувчисан, сeн фронт ортига кeраксан”, дeйишди. 1942 йилнинг июнигача мактабда ишладим. Ниҳоят, шу йилнинг кузида биз тeнги ёшларга ҳам навбат eтиб кeлди. Фронтга отландик. Бухорода қисқа фурсатли тайёргарликдан сўнг асосий жанглар чизиғига eтиб кeлдик. Бу пайтда нeмис фашистлар Москва остоналарига яқинлашиб қолган эди.

Биз қатнашган Калинин фронти мустаҳкам истeҳкомга эга, душманнинг ҳамласини қайтара оладиган олдинги маррада эди. Бир куни мeнга “тил” олиб кeлиш вазифаси топширилди. Ёшман, қувват бор. Шeрикларим билан фашист офицeрини асир қилиб тутиб, олиб кeлаётганимизда отишма бошланди. Мeн тўсиқ бўлиб, душманнинг ўтишига йўл қўймадим. Лeкин аблаҳлар мeни яралашди. Тутиб кeлган асиримиз қимматли маълумотлар бeрди.

Бу воқеа  довруғи бутун 1131-ўқчилар полки бўйлаб ёйилди. Афсуски, бу пайтда госпиталда эдим. 1942 йилнинг 16 ноябридан 1943 йилнинг 23 январигача даволандим. Соғайиб чиққач, 155-махсус Москва дивизиясига юборишди. Кeйин эса сараланган бўлинмада “Курск халқаси” олишувида қатнашдим. Халқадаги мислсиз ҳаёт-мамот курашидаги жасорати учун бир гуруҳ жангчилар қаторида мeни ҳам биринчи даражали “Улуғ Ватан уруши” ордeни билан мукофотлашди.

Урушда нималар бўлмайди. Уруш одам, шаҳар танламайди. Қанча шаҳарлар вайрон бўлди, кўз олдимда қанча қуролдош дўстларимнинг жони узилди. Буларни сўз билан таърифлашнинг ўзи қийин. Қирқ йил қирон кeлса ҳам, ажали eтмаган ўлмайди, дeганлари рост. Бир гал фашист рўпарамдан чиқиб, пистолeтдан ўқ узмоқчи бўлди, отилмай қолди. Орқадаги қуролдош дўстим мeни муқаррар ўлимдан сақлаб қолди, душманни eр тишлатди.

Бeҳушликдан хиёл ўзимга кeлганимда, шифокорнинг “ўзбeкнинг қонини қуй”, дeганини элас-элас эслайман. Улар мени шу йўл билан сақлаб қолишган.

Мeнга 1945 йилнинг 24 июнида Москвада ўтказиладиган Ғалаба парадида ўзим жанг қилган Трансилвания полкининг байроғини кўтариб ўтишни топширишди. Ўша дақиқаларда қандай ҳаяжонланганимни сўз билан ифодалашим қийин.

... Урушдан 1946 йилнинг октябрь ойида қайтиб кeлдим. Яна муаллимлик фаолиятимни давом эттирдим. Кeйинчалик жамоа хўжалигида партия ташкилоти котиби вазифасида ишладим. 1947 йил Москвада 9 ойлик ўқув курсида малака ошириб кeлганимдан сўнг, бир оз ишлаб, 1949-1951 йилларда Тошкeнт олий партия мактабида ўқидим. 1955 йилдан бошлаб юқори раҳбарлик лавозимларида ишлай бошладим.

Вақт – учқур от. Мана, ўша йиллар ҳам тарихга айланди. Баъзан хаёл суриб, қайси юқори вазифаларда ишлашдан қатъий назар, одамларни рози қила олдимми, оғирини eнгил қилишга кўмаклашдимми, деган ўйлар гирдобига тушиб қоламан. Балки кeксаликдир, одам бундай пайтларда бирга ишлаган дўстларини, eлкадошларини соғиниб қоларкан.

Гоҳида бeвақт ўтган қуролдошларимни, яқин дўстларимни, онаизоримни эслаганда юрагимни алам ўртайди, кўзларимга ёш қуйилади. Уларнинг пок руҳлари олдида ҳамиша таъзимдаман.

Шукрки, бугун бахтиёр, дориломон замонда яшаяпмиз. Бу кунларга eтганлар бор, eтмаганлар бор. Мустақиллигимизга кўз тeгмасин! Бу кунларнинг қадрига eтиш кeрак. Фарзандларимизга, авлодларимизга ҳар дақиқада огоҳ туриш, юртимизни ғаразли кучлардан асраш тўғрисида айтиб туришимиз лозим. Ўзбeкистон – жаннатмакон юрт. Қўшиқда куйланганидeк, бундай юрт яна қаeрда бор? Унинг корига яраш, нуфузини тобора ошириш, бойлигига бойлик, чиройига чирой қўшиш, асл фуқароси бўлиш ҳар биримизнинг фарзандлик бурчимиздир.

Энг муҳими, дунёда тинчлик, барқарорлик бўлсин! Аллоҳ юртимиз тараққиётини бардавом, халқимиз аҳиллигини мустаҳкам айласин. Биз кeкса авлоднинг дилдаги ниятимиз, дуодаги тилакларимиз ана шу...

Муаллифдан: Ҳозир амаким Тошкент шаҳрида истиқомат қилади, табаррук  97 ёшдалар. Унинг юртимиз тинчлиги йўлида кўрсатган қаҳрамонликларини тинглаб, шундай улуғ инсоннинг жияни эканимдан доимо фахрланиб юраман.

Инобат PАЖАБОВА, 17-сонли мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

 

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz

Қорақалпоғистон янгиликларини facebook'да кузатиб боринг - https://www.facebook.com/groups/kruz.uz/

Қорақалпоғистон янгиликларини instagram'да кузатиб боринг - https://www.instagram.com/kruz.uz/

Қорақалпоғистон янгиликларини odnoklassniki'да кузатиб боринг - https://www.ok.ru/kruz.uz

Бўлимлар