"Daryo.uz" журналистининг Қорақалпоғистондаги илк таасуротлари

Ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистлар Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМЭМ) Европа Иттифоқи молиявий кўмагида амалга ошираётган UzWaterAware лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистонда бўлиб қайтди. Медиатур иштирокчилари орасида «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев ҳам бор эди.

Фото: «Дарё» / Азизбек Абдувалиев

10 май куни медиатурнинг 40 нафарга яқин қатнашчиси Тошкент халқаро аэропортига йиғилдик. Сафимиздан ахборот агентликлари, интернет-нашрлар, газеталар, радио ва телевидение вакилларидан ташқари лойиҳа ташкилотчилари — Европа Иттифоқи ва МОМЭМ, лойиҳанинг миллий ҳамкорлари — Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги ва «Ўзгидромет» ходимлари ҳам ўрин олди.

Соат 17:30 да Тошкентдан Нукусга йўл олган самолёт бортида иллюминатор олдида жойлашиб олиб то манзилга етгунча атрофни кузатиб бордим. Обод, кўркам ҳудудлар аста-секин чекиниб, ўрнини қақроқ ерлар, саҳроларга бўшатиб бера бошлади. Бу кўриниш то Нукусга етгунимизча ўзгармади.

Қорақалпоғистон пойтахти катта қурилиш майдонини эслатади. Буни самолётимиз Нукус аэропортига қўнганидаёқ пайқадик. Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил январида Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида аэропорт, унга кириш ва чиқиш йўлларини таъмирлаш бўйича топшириқлар берганди. Ҳаво қўналғасида ўтган йил апрель ойида бошланган таъмирлаш ишлари якунига етмоқда. Аэропорт шу ой охирларида фойдаланишга топширилади.

Бизни «Жибек жоли» меҳмонхонасига жойлаштиришди. Нукусда йигирмага яқин меҳмонхона бўлиб, журналистларни қарши олгани улар орасида пешқадами саналади. Унда қорақалпоқ маданияти, урф-одатларининг бир бўлагини сезасиз. Барака топкурлар ичкарига ўтовдан тортиб аравагача олиб кириб қўйишибди. Хонадаги ёстиқларгача миллий орнаментда ишланган.

«Жибек жоли» меҳмонхонаси.
Фото: «Дарё» / Азизбек Абдувалиев

Кечки таомдан сўнг Нукусга қатнайвериб кўзи пишиб кетган ҳамкасбим Наргис Қосимова билан тунги пойтахтни кездик. Шаҳарда 300 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Кўркам, тинч ва осуда. Катта кентларга хос гавжумлик, машиналар тирбандлигини сезмайсиз. Савицкий музейига киришга имкон қилолмаган бўлсак-да, жиллақурса яқинлашганимиздан фахр туйдик. Унинг яқинда қуриб, фойдаланишга топширилган иккинчи корпуси билан танишдик.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги директори Есимхан Қанаатовнинг айтишича, Нукусга уч-тўрт йил аввал келган одам бугун шаҳарни таний олмайди (буни Наргис Қосимова ҳам тасдиқлади). Қисқа муддатда ўлкашунослик музейи биноси, Ибройим Юсупов номидаги иқтидорли болалар мактаби, Амир Темур номидаги истироҳат боғи, йирик спорт мажмуаси, 38 та кўп қаватли уй бунёд этилди. Жорий йил шаҳарнинг 16 та кўчасида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, жами 12 та йирик объект қурилиши режалаштирилган.

Нукус манзараларига андармон бўлиб, медиа тур иштирокчиларининг меҳмонхонадаги илк йиғинига ҳам бироз кечикибмиз. Ташкилотчилар аввал қатнашчиларни бир-бирига таништирди, сўнг лойиҳа ҳақида қисқача маълумот берди.

Екатерина Устиненко ва Лорен Чен.
Фото: Шуҳрат Шокиржонов

— Лойиҳа «Ўзбекистонда сув ва экологик масалалар бўйича хабардорликни ошириш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш» деб номланган. Асосий мақсад сув ресурсларидан самарасиз фойдаланиш давом этган тақдирда бунинг оқибатлари янада аянчли бўлишини тушунтириш ва огоҳлантиришдан иборат, — дейди МОМЭМ Ўзбекистон офисининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассиси Екатерина Устиненко. — Марказимиз 17 йил аввал, 2001 йилда Евроиттифоқ ва БМТ Тараққиёт дастури қарори билан юзага келган.

Бош офис Олмаотада жойлашган, Марказий Осиёнинг барча давлатлари, жумладан, Ўзбекистонда 2006 йилдан бери фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўзбекистон иқтисоди учун сув жуда муҳим ресурс: ҳудудимиздаги сувларнинг 80 фоизи трансчегаравий, қолаверса, 90 фоиз сув қишлоқ хўжалигида сарфланади. Ундан оқилона фойдаланиш иқтисоднинг ўсиши ва экологик барқарорликни таъминлашда катта аҳамиятга эга. Сафаримизга келсак, бу журналистлар учун амалга оширилаётган учинчи медиа-тур, бироқ олдинлари Мўйноқ билан чекланган бўлсак, бу гал илк бор бевосита Оролгача борамиз.

Фото: Аскар Якубов

Ташкилотчилар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди, гид вазифасини ўтайдиган тарихчи Октябрь Дўспанов билан таништирди, лойиҳа рамзлари туширилган футболкалар тарқатди.

11 май куни тонгда 12 та Toyota йўлтанламасидан иборат кортеж Нукусдан Қўнғиротга йўл олди.

Фото: Аскар Якубов

(Давоми бор)

Манба: Daryo.uz

 

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz

Қорақалпоғистон янгиликларини facebook'да кузатиб боринг - https://www.facebook.com/groups/kruz.uz/

Қорақалпоғистон янгиликларини instagram'да кузатиб боринг - https://www.instagram.com/kruz.uz/

Қорақалпоғистон янгиликларини odnoklassniki'да кузатиб боринг - https://www.ok.ru/kruz.uz

Бўлимлар