Муйноқда ичимлик суви масаласи яна ёмонлашди

Мўйноқ туманида сув қувурида тез-тез носозликлар вужудга келаётгани сабабли ичимлик сувини етказиб беришда узилишлар кузатилмоқда. Бу ҳақда "Gazeta.uz" хабар бермоқда.

Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида ичимлик сувини етказиб бериш билан боғлиқ вазият ёмонлашди, дея хабар қилди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нурия Айтжанова «Газета.uz"га.

Қиймати 26,6 млрд сўм бўлган 101 километрлик сув қувури июнда ишга туширилган эди. Қўнғирот-Мўйноқ сув қувури тармоғини ётқизиш ташаббусини президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг январида Қорақалпоғистонга уюштирган сафари вақтида илгари сурган эди. Авваллари аҳоли Амударёдан ёки артезиан қудуқларидан сув олган.

Бир йилдан камроқ вақт ичида сув қувурида тез-тез авариялар содир бўлиши натижасида ичимлик сувини етказиб беришда узилишлар кузатила бошланди, деди Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлик гуруҳи аъзоси Нурия Айтжанова.

Унинг сўзларига кўра, апрелда депутатлар Мўйноқ туманини ўрганиб, вазият ҳақида маҳаллий ҳокимият ва Қорақалпоғистон Жоқарғи Кенесига хабар қилган.

«Биз: нима учун узилишлар кузатиляпти, деб сўрадик. Улар эса бундай муаммо йўқлигини айтишди. Уларнинг жавоби бизни қаноатлантирмади ва Жоқарғи Кенесга ёзма кўринишда депутатлик сўрови юбордик. 10 кун ичида бизга вазиятни тўлиқ тушунтириб беришлари керак», — дея таъкидлади у.

«Овулларда ҳозирча сув йўқ. Ҳаммаси босқичма-босқич бўлади, дейишаяпти, лекин халқ қачон сув келади, деб сўраяпти. Мўйноқ шаҳрининг ўзида соат бўйича — эрталаб ва кечқурун сув берилаяпти», — деди Нурия Айтжанова.

У Тўғмўйиндан етказиб берилаётган сув босимини ошириш учун қўшимча насослар ўрнатишни таклиф қилди.

Депутат қатор туманлар марказларида сув йўқлиги аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганини қўшимча қилди.

Бўлимлар