Siemens Устюрт газ-кимё мажмуаси ускунасига техник хизмат кўрсатади

Siemens ва Uz-Kor Gas Chemical яқин келажакда Устюрт газ-кимё мажмуаси майдончасида айланувчи ускунага 15 йил давомида техник хизмат кўрсатиш бўйича шартнома имзолаш мақсадида баённома имзолади. Бу ҳақда Spotга асосланиб, "Kun.uz" хабар бермоқда.

Ушбу ҳужжат 14-17 май кунлари Siemens компаниясининг Россия ва Марказий Осиёдаги президенти Дитрих Мёллер бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланди.

Siemens вакиллари «Ўзбекнефтегаз» АЖ бошқаруви раисининг ўринбосари Одил Темиров билан учрашиб, Қашқадарё вилоятида синтетик суюқ ёқилғини ишлаб чиқариш бўйича завод қурилиши ишларини муҳокама қилишди. Siemens технологиялари Бухоро вилоятидаги «Учқир» конида қувватловчи компрессор станциясининг лойиҳасини амалга оширишда ҳам қўлланилиши мумкин. 

«Ўтган йилнинг ноябрида Siemens ва Ўзбекистон кенг кўламли ҳамкорлик дастурини эълон қилди. Ўшанда ёқилғи-энергетика комплекси, ақлли шаҳарлар (шаҳар инфратузилмасини рақамлаштириш) ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги технологик ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланди. Ўтган олти ой мобайнида биз барча соҳаларда ҳамкорларимиз билан мулоқотда сезиларли муваффақиятларга эришдик. Siemens мамлакатни Марказий Осиёдаги истиқболли бозорлардан бири деб билади ва яқин келажакда қўшма лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда», - дея таъкидлаб ўтди Дитрих Мёллер.

Ташриф чоғида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, вазирлик ва идоралар вакиллари, бизнес шериклар билан энергетика, саноат ва бошқа соҳалардаги мавжуд ҳамда келгусидаги қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди.

Бўлимлар