Нукусда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунининг мақсади ҳақида семинар бўлиб ўтди

Жорий йил 24 май куни Нукус шаҳар Хокимлиги катта мажлислар залида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича Ғазначилик бошқармаси ташаббуси билан ва “ЎзРТХБ” АЖ Қорақалпоғистон Республикаси филиали электрон савдолар бўйича мутахассиси У.Отениязов иштирокида Нукус шаҳрида жойлашган бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчиларнинг раҳбар ва бош хисобчилари билан Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 9 апрель кунги ЎРҚ-472-сонли “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни мазмун моҳияти тўғрисида семинар йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишни Қорақалпоғистон Республикаси бўйича Ғазначилик бошқармаси бошлиғи Т.Мадраимов очиб берди ва йиғилганларга Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 25 январда қабул қилинган Сенат томонидан 2018 йил
29 мартда маъқулланган
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунининг мақсади, моҳияти ва қўлланилиши бўйича тушунтиришлар бериб ўтди.

Мазкур Қонун асосида давлат харидларини ташкил этишда:

- давлат харидлари бўйича одоб-ахлоқ қоидаларини қабул қилиш;

- давлат харидларини Қонунда белгиланган принциплар асосида амалга ошириш;

- давлат харидларини амалга оширишда коррупцияга йўл қўймаслик;

- давлат харидлари бўйича масъулларнинг касбий маҳорати ва жавобгарлигини оширишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш;

- давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ барча маълумотларни махсус ахборот порталига киритиб борилишини таъминлаш;

- давлат харидларида шаффофликни ошириш ҳамда соғлом рақобат муҳитини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиши зарурлигини таъкидлади.

Шундан сўнг, “ЎзРТХБ” АЖ Қорақалпоғистон Республикаси филиали электрон савдолар бўйича мутахассиси У.Отениязов сўзга чиқиб, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунининг мазмуни, Қонун билан янгидан киритилган асосий тушунчалари, Давлат харидларининг асосий принциплари, Давлат харидларининг субъектлари, Давлат харидлари ижрочиси, Харид комиссияси, Махсус ахборот портали оператори қандай ишлашига тўхталиб ўтди ҳамда келгусида давлат харидларини амалга ошириш учун белгиланган тартибда махсус ахборот порталига (dxarid.uzex.uz ва shop.uzex.uz) эълонларни, буюртманомаларни ҳамда давлат харидлари ва унинг якунлари тўғрисида бошқа ахборотларни жойлаштириш тартибларини тушунтириб берди.

Семинар якунида бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчиларнинг раҳбар ва бош хисобчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавобларини олишди.

Бўлимлар