Қорақалпоғистондаги 41 нафар ёш инновациячи бир танловда иштирок этди (фото)

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан “Ёш инновациячи” кўрик-танловининг  Республика босқичи ўтказилди.  

Унда танловнинг туман,  шаҳар босқичида ғолибликни қўлга киритган 41 нафар ёш ихтирочилар ишлаб чиқариш, сервис, туризм, қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича ишлаб чиққан янги инновацион лойиҳалари билан қатнашди.

 –Ҳар йили ёшлар ўртасида янги-янги танловлар ўтказишга ҳаракат қиламиз, – дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъул ходими Т.Салимов. –Лекин қизиқувчан, интилувчан, ихтирочи-ижодкор ёшларни қўллаб-қувватловчи танловлар деярли йўқ эди. Шу сабабли ушбу танлов ёшлар орасида тезда оммалашди ва унга қизиқиш билдирганлар сони кескин кўпайди. Чунки мазкур танлов иқтидорли ёшларни излаб топиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда ёш инновациячиларни янги-янги ғоялар, кашфиётлар сари етаклайди.

Танловда ғолибларни аниқлашда иштирокчиларнинг ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди, етакчилик қобилияти ҳамда инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини қай даражада ўзлаштира олганлигига ҳам алоҳида аҳамият берилди.

Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра Нукус ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Азиза Сабирбаева 3-ўрин, Нукус туризм ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Дилфуза Караматдинова 2-ўрин, Нукус компьютер ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Николай Чекморёв эса 1-ўринга  лойиқ деб топилди. 

Танловда ғолиб ва совриндорлар партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан димлом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

“Ёш инновациячи” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 41 нафар ёш ихтирочи қатнашди (+ФОТОГАЛЕРЕЯ)

Қ.БЕКНАЗАРОВ,

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши бўлим мудири

Бўлимлар