Нукусда Хотин-қизлар қўмитасининг энг намунали бошланғич ташкилоти аниқланди

Нукусда “Хотин-қизлар қўмитасининг энг намунали бошланғич ташкилоти” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди. 

“Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган танловнинг қуйи босқичларида муваффақият қозонган 21 бошланғич ташкилоти 7 йўналиш бўйича баҳслашди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Иброҳимова ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий фаоллигини ошириш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони хотин-қизлар бошланғич ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. 

Қорақалпоғистон Республикасида 2 мингдан зиёд бошланғич ташкилот фаолият юритмоқда. 

– Бошланғич ташкилотимиз қошида фаолият олиб бораётган “Иқтидорли қизлар”, “Зулфияхоним қизлари” клублари, “Ораста қизлар” тўгараги, “Ибн Сино” саломатлик ва "Оила”, “Психология” марказлари хотин-қизларнинг ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва маънавий манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти етакчиси И.Сейтназарова. – Талаба-ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш мақсадида турли маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказиш мунтазам йўлга қўйилган. 

Барча номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, улар танловнинг мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. 
 

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА

Бўлимлар