АҚШда 5 марта йилнинг энг яхши шифокорларидан бири бўлган нукуслик Жолдас Қулжонов ҳақида эшитганмисиз?

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов АҚШнинг етакчи клиникаларидан бири — Сент-Луис университетининг Ортопедик жарроҳлик департаменти раҳбари, таниқли мутахассис, ватандошимиз Жолдас Қулжонов билан учрашди. Бу ҳақда Kun.uz’га Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бораётгани, айниқса, президент Шавкат Мирзиёевнинг яқинда ушбу давлатга амалга оширган тарихий ташрифи ўзаро муносабатларда янги саҳифа очгани алоҳида таъкидланди.

Машҳур шифокор президентнинг тиббиёт соҳасига қаратаётган юксак эътибори, хусусан, ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни аҳолига янада яқинлаштириш борасида олиб бораётган оқилона сиёсатини алоҳида эътироф қилди. 2017 йил бошида президентнинг хорижда фаолият олиб бораётган малакали шифокорларимизни Ўзбекистонга қайтариш бўйича берган топшириқлари, шу асосда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли юзга яқин тиббиёт мутахассиси Ўзбекистонга қайтганини мамнуният билан қайд этди.

Ж.Қулжонов, ўз навбатида, кўплаб ватандошларимиз қатори мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдор бўлиш, билим ва тажрибасига таяниб, мамлакат тиббиёти ривожига ҳисса қўшиш, давлат раҳбарининг даъватига “лаббай” дея жавоб беришга доимо тайёр эканини билдирди.

Жолдас Қулжонов асли нукуслик бўлиб, 1989 йилгача Никарагуада ва “Пахтакор”  футбол клуби шифокори сифатида фаолият юритган. 1989 — 1995 йилларда Тошкент тиббиёт академияси 2-клиникасининг травматология ва ортопедия бўлими  раҳбари бўлиб ишлаган. Ўшандан буён тажрибали травматолог-ортопед  Америка Қўшма Штатларда фаолият кўрсатмоқда.

У айни пайтда АҚШда йилига 700дан зиёд энг мураккаб операцияларни муваффақиятли ўтказиш билан бирга, университет клиникасида қатор давлатларнинг травматолог-ортопедларига таълим беради, дунёнинг нуфузли тиббиёт марказларида маҳорат дарслари олиб боради. Ж.Қулжонов беш маротаба АҚШда йилнинг энг яхши шифокорларидан бири сифатида эътироф этилган.

Учрашувда ватандошимиз Ўзбекистон тиббиётини янада ривожлантириш ғоятда муҳим эканини айтиб ўтди. Бунинг учун эса бор куч ва ғайратини сафарбар этишга тайёр эканлигига урғу берди. 

Шунингдек, Ж.Қулжонов Ўзбекистонда мўлжаллаган катта ишларининг бошланиши сифатида шу йилнинг 23 июнь – 3 июль кунлари Сент-Луис ва Сан-Диегодаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказларидаги нуфузли нейрохирург, нейрофизиолог, уролог, травматолог-ортопед ва бошқа шифокорлар гуруҳларининг мамлакатга ташрифини амалга оширишини  билдирди.

Ўзаро музокаралар сўнггида шифокор Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратаётган эътибори, қолаверса, Американинг соҳадаги илғор тажрибасини татбиқ қилиш натижасида Ўзбекистон тиббиёти модернизацияси учун кенг истиқболлар эшиги очилишини таъкидлади. 

Бўлимлар