Қорақалпоғистон ва хоразмликлар Жиззах ва Сирдарёда шоли экади

29 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида экспорт-импорт, маҳаллий бюджетга қўшимча тушумларни таъминлаш, қишлоқ хўжалигида ғўза парвариши, ғалла ўрими, такрорий экинлар ва сувдан оқилона фойдаланиш каби муҳим тадбирларни самарали ўтказиш билан боғлиқ бугунги кунда ғоят долзарб бўлиб турган масалаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда "Kun.uz" хабар бермоқда.

Йиғилишда бу йил мамлакатимизда ёғингарчилик нисбатан кам бўлгани, бунинг оқибатида аксарият ҳудудларда сув танқислиги юзага келгани, бундай ҳолат  сувдан оқилона фойдланишни тақозо этиши алоҳида таъкидланди. 

Шу мақсадда шоли экиладиган майдонларни 162 минг гектардан 94 минг гектарга қисқартириш, сув таъминотида муаммо бўлмаган Сирдарё вилоятида 7,5 минг гектар ерни Хоразм вилояти фермерларига, Жиззах вилоятида 5,5 минг гектар ерни Қорақалпоғистон фермерларига такрорий экин сифатида шоли экиш учун бериш зарурлиги қайд этилди.

«Қорақалпоғистон ва Хоразмдан одам олиб келиб, Жиззах ва Сирдарёда шоли эктирамиз, чунки бу одамларга керак», деган президент.

Сув танқислиги кутилаётган Қашқадарё вилоятида такрорий экин майдонлари 30 минг гектарга, Самарқанд вилоятида 42 минг гектарга, Бухоро вилоятида 20 минг гектарга, Навоий вилоятида 14 минг гектарга ва Қорақалпоғистонда 10 минг гектарга камайтирилиши маълум қилинди. Ушбу ҳудудларда сувни кам талаб этадиган мош, ловия ва бошқа озуқабоп экинлар экиш, уларни сув манбаларига яқин ер майдонларига жойлаштириш кераклигига эътибор қаратилди. Ана шу ишларни ўз вақтида, самарали ташкил этиш юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.

Бўлимлар