Нукус кичик халқа йўлида таъмирлаш ишлари якунига етказилди

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирадиган янги йўллар қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Бу ҳақда Uz24.uz хабар бермоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 21 декабрдаги "2011-2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида"ги қарори асосида халқаро аҳамиятга молик Ғузор-Бухоро-Нукус-Қўнғирот-Бейнеу автомагистрали қурилиши жадал олиб борилмоқда. Ушбу халқаро йўлнинг 652 километр масофаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидан ўтади. 

2007 йилдан буён самарали фаолият кўрсатиб келаётган Шимоли-ғарбий халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларни сақлашга ихтисослаштирилган таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси тасарруфида 777 километр халқаро ва 1 минг 684 километр давлат аҳамиятидаги йўллар ҳамда 146 кўприк мавжуд. Корхона бош мутахассиси Омониёз Алекеевнинг ЎзАга маълум қилишича, жорий йилнинг ўтган даврида Ғузор-Бухоро-Нукус-Қўнғирот-Бейнеу халқаро йўлининг 698-753, 757-765, 916-964 километрларида қайта қуриш, Нукус-Чимбой-Тахтакўпир, Нукус-Хўжайли йўлларида реконструкция, Нукус кичик халқа йўлида таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, фойдаланишга топширилди. 

Корхона йўлсозлари томонидан Ғузор-Бухоро-Нукус-Қўнғирот-Бейнеу автомагистрали бўйида 4 кемпинг ва мотель, 7 автомобилларга ёнилғи қуйиш станцияси, 8 автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияси, 8 авария чақирув ва тиббий ҳамда техник ёрдам пунктлари, 8 санитария-гигиена пункти, 8 автомобилларнинг қисқа тўхташ жойи бунёд этилди.

Бўлимлар