Гулистон Аннақличеванинг 3 жилдлик “Сайланма”си нашрдан чиқди

Таниқли шоира, ёзувчи ва публицист, жамоат арбоби Гулистон Аннақличева (Матёқубова) ана шу сафдошлари қаторида ёрқин таланти, сержило ва сермаъно поэтик олами билан алоҳида кўзга ташланиб турадиган ижодкордир.

Г.А.Аннақиличева (Матёқубова) 1948 йилда туғилган. 1973 йилда Тошкент Давлат Университетини, 1991 йилда Тошкент Олий партия мактабини тамомлаган. Мутахассислиги журналист, сиёсатшунос.

Г.А.Аннақиличева (Матёқубова) ижод билан бирга, давлат ва жамият ишларини ҳам қўшиб олиб бормоқда.  У Қорақалпоғистон Республикаси Олий Совети Президиуми котиби,  Жўқорғи  Кенгеси Қўмита раиси, Жўқорғи  Кенгеси раисининг ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари,  Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимларида ишлади.

У 1984-2015 йилларда, 6 чақириқда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, 2005-2010 йилларда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик Палатасига депутат бўлиб сайланиб, парламентчилик фаолиятини такомиллаштиришда катта тажриба тўплади. Бугунги кунда у  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси. У Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳибаси, Қорақалпоғистон Республикаси халқ шоири, Бердақ  номидаги Давлат мукофоти совриндоридир.

2010 йилдан  “Қорақалпоғистон тонги” газетасининг, ҳозирда «Қарақалпақ әдебияты» газетасининг Бош муҳаррири.

Шоиранинг қорақалпоқ тилидаги қисса ва ҳикоялардан иборат “Нурли кунлер” (1987) китоби, “Журек пенен жузбе жуз” (1990) шеърий тўплами мухлислар томонидан ката қизиқиш билан кутиб олинди ва у Бердақ  номидаги Давлат Мукофоти билан тақдирланди. Муаллифнинг публицистик асарларидан таркиб топган “Әмиў жағасында өскен байтерек” (1994) китоби, шеърлар, сонетлар туркуми, достон ва поэмалар, опера учун ёзган “Гулойим” либреттоси жой олган “Интизарлық” (1995) тўплами қорақалпоқ адабиёти мундарижасини кенгайтирди. Салкам йигирма беш босма табоқ ҳажмидаги “Қәлб зурәәти” (2004 ) китоби шоирани қорақалпоқ шеърияти мухлисларига янада яқинлаштирди.

Шоиранинг бир неча асарлари рус тилига ҳам ўгирилиб, китоб бўлиб босилди. “Земля отцов” (1986), “Прекрасное чувство” (1989) номли китоблари турли йилларда ёзилган шеърий ва насрий асарлари мажмуасидан иборат. Муаллифнинг “Избранное”  икки томлик китоби  (2015) русий забон ўқувчилар учун муносиб туҳфадир. Ушбу китоблар ва интернетдаги «Стихи РУ», «Проза РУ» сайтларида эълон қилинган 300 дан ортиқ насрий ва назм асарлари учун Г.А.Аннақиличева (Матёқубова) Москвадаги  «Искусство народов мира”, Халқаро Ассоциациясининг лауреати унвонини олган.

Г.А.Аннақиличева (Матёқубова) ижоди ҳақида фикр юритганда, у яратган достонлари алоҳида тўхталиш лозим, деб ҳисоблаймиз.

1982-2017 йиллар давомида яратилган «Келин», «Ота», «Қўбиздаги юрак», «Қуёш қизи ёки само садолари», «Айтгин менга Тўрткўл ҳақида», «Мен нечун севаман боғларни кузда», «Пахта вақти», «Қаторда норинг бўлса», «Ойболдоқ», «Дарёга ботаётган қуёш», «Зиёга ботаётган дарё», «Зулфия», «Тафаккур томчилари» сингари достонларда Ватан меҳри, юрт тарихи, инсон сир-синоатлари, баркамоллик руҳи, аждодлар ҳикматлари, фидоийлик, садоқат, юртпарварлик туйғулари, қорақалпоқ қир адирлари, Қоратоғ этаклари нафаси, Амударё тўлқинларининг ҳаёт зарби маҳорат билан қаламга олинган.

Шунингдек ҳикоя, қисса, эссе, бадиа, публицистик мақолалар жамланмасидан иборат кўплаб китоблари ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида  босилди. Киноқиссаси ва саҳнага мўлжаллаб ёзган драмалари ҳам китобхонларга яхши маълум. Машҳур “Қирқ қиз” эпоси асосида “Гулойим” номли опера учун либретто ҳам ёзгани, муаллиф ижодининг серқирралигидан дарак беради. Агар бу рўйхатга унинг нашрдан чиққан адабий суҳбатлари, мулоқотлари, мактублари, шеърият назариясига доир илмий қарашларини, шунингдек қорақалпоқ ва жаҳон адабиётидан қилган таржималарини ҳам қўшиб ҳисобласак, муаллифнинг нақадар самарали ижодкор эканлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин.

 

Албатта, гап бу ерда ижодий фаоллик ёки сермаҳсулликда эмас. Гап шундаки, ҳар қандай ижодкорнинг ёзувчилик маҳорати бадиий салоҳияти кўп ёзгани ёки қанча китоб чоп эттиргани билан ўлчанмайди. Балки, яратган асарининг бадиий эстетик қиммати, ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий фалсафий қарашларини чуқурлаштиришга таъсир кўрсатгани мезони билан белгиланади. Ҳар бир асарининг ёки нашрдан чиқарилган ҳар бир китобининг адабий жамоатчилик, мутахассислар, ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олингани, тақризларда, мақолаларда ижобий баҳолангани, ўйлайманки, фикримни тасдиқлаши мумкин. Баъзи китобларига боғишлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилари уюшмасида, Олий ва ўрта махсус ўқув юртларида тақдимот тадбирларининг ташкил этилгани, анжуманларда ўзбек ва қорақалпоқ адабиётининг атоқли адиблари, таниқли адабиётшунос танқидчилар томонидан муносиб баҳолангани юқорида айтилганларга яна бир далилдир.

 

Шунингдек Г.А.Аннақиличева (Матёқубова) кино санъати соҳасида ҳам муваффақиятларга эришиб келмоқда. У «Меҳрли дунё», «Тақдир йўллари», «Гулойим ва Арслон», «Устюртга йўл» киносценарийларини яратди. «Ўзбекфильм» киностудиясида таниқли режиссёр А.Ғаниев яратган «Устюртга йўл» бадиий фильмининг Тошкентда, Нукусда тақдимотлари бўлиб ўтди.

Гулистоннинг 3 жилдлик “Сайланма” нашр эттириши ҳам ижодкорнинг ва менимча, адабиётнинг муайян ютуғи. Қолаверса, ижодкорнинг 3 жилдлик “Сайланма асарлар”и орқали ўз китобхонлари билан иккинчи учрашуви, бошқача айтганда, сараланган ижод маҳсули билан таништиришнинг янги босқичи, ўзига хос тақдимоти ҳамдир. Шундай экан,  Гулистон Аннақличеванинг (Матёқубова) 3 жилдлик “Сайланма асарлар”ини эълон қилишга киришгани адабий жараён, китобхонлар учун ўзига хос янгилик бўлишига ишонаман. Ҳар бир китобга муаллифнинг турли йилларда, хилма-хил жанрларда битилган, янги давр талаблари асосида сайқалланган энг сара асарлари  киритилган.

Муҳтарам китобхон! Агар  эътибор  берган бўлсангиз, “Сайланма”лар даги бирор асар тўғрисида махсус тўхталмадим, ҳатто номлари ҳам тилга олинмади. Аминманки, адабиёт ихлосмандлари “Сайланмаларнинг” ҳар бир жилдига кирган асарлар билан батафсил танишади, шоиранинг ўзига хос поэтик олами сирларини идрок этиб, муайян хулосаларга келиш имконига эга бўлади.  Бу имконият сизни  бефарк қолдирмайди.  Ва ишонаманки, ушбу 3 жилдлик “Сайланма асарлар” нинг адабий жараёндаги қадами қутлуғ қадам бўлади. Муҳими адабиёт  мухлислари қалбидан ўзига муносиб жой эгаллайди.

Каримбой Қурамбоев

Филология фанлари доктори, профессор.

Бўлимлар