Чимбойлик 102 ёшли Олмахон момога «Шуҳрат» медали топширилди

Президентнинг 2016 йил 24 августдаги фармонига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманидаги Қизилўзак овулида яшаётган 102 ёшли Олмахон момо Есемуратова «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Эрниязов бир гуруҳ давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамроҳлигида Олмахон момо хонадонида бўлиб, пиру бадавлат онахонга юксак давлат мукофоти – «Шуҳрат» медалини топширди.

Бир асрдан кўп умр кўрган Олмахон момо ҳали бардам, тетик. Бир ўғил, бир қизни тарбиялаб, вояга етказган. 13 невара, 29 чевара, 1 эвара ардоғида.

– Олмахон момо овулимизнинг фахри, маслаҳатгўйи, – дейди «Қизилўзак» овул фуқаролар йиғини раиси Ҳ.Элмуратов. – Йиғинлар, тўй-ҳашамлар момонинг маслаҳати билан ўтади. Ёшларга панду насиҳат қилиб, бугунги тинч ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш зарурлигини уқтиради.

Бўлимлар