Немаътулла Қуттибоев ҳақида нималарни биласиз?

Нукуснинг "Орол" жамоасига Неъматулла Қуттибаев мураббий этиб тайинлангани ҳақида хабар бериб ўтган эдик. Қуйида мураббий ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Н.Қуттибаев 1973 йилнинг 28 сентябр куни Қорақалпоғистонда таваллуд топган. 1990-1991 йилларда "Орол" сафида Собиқ Иттифоқ қуйи лигасида 69 ўйинда 13 та гол урган бўлса, 1992-1993 йилларда Ўзбекистон Олий лигасида 53 ўйинда 18 та голга муаллифлик қилди.  Бундай сермаҳсулликдан сўнг уни Фарғонанинг "Нефтчи" жамоаси ўз сафига қўшиб олди. 1994-1995 йилларда Неъматулла ушбу жамоа либосида Олий лигада 9 та гол киритган. 

1997 йили Урганчнинг "Хоразм" жамоаисда тўп сурди. Бироқ олдингидек сермаҳсуллик намойиш эта олмади. 24 ўйинда 2 та гол урган футболчи кейинги мавсумда яна Фарғонага қайтди. "Нефтчи"да у икки мавсумда 29 ўйинда 9 марта рақиблар посбонларини ранжитди. Энг муҳими ўша пайтда терма жамоадан таклиф олди.

1998 йилги Осиё ўйинларидан олдин Ҳиндистон билан беллашувда термадаги дебют голини урди. Осиё ўйинларида эса у янада ёрқин ўйин намойиш этди. Мўғулистонга қарши кечган тарихий ўйинда қорақалпоғистонлик футболчи "хет-трик"ка эришган бўлса, Туркманистон билан беллашувда битта гол урди. Бироқ шундна сўнг термада унинг омади келмади. Умумий ҳисобда Ўзбекистон термаси учун 15 учрашувда 5 та гол урди.

2000 йилги мавсумнинг биринчи даврасини Ангреннинг "Семурғи"да ўтказиб 12 та гол ургач, иккинчи даврада Нукуснинг "Орол"ига қайтди ва бу жамоада 2 та гол киритди.

2001 йилда Неъматуллани "Пахтакор"га чақиришди. Футболчи пойтахт жамоасида икки мавсумда Олий лигада 25 та голга муаллифлик қилди. 2003 йили Қозоғистоннинг "Ордабаси" жамоасига йўл олган футболчининг ишлари юришмади., Бу клуб сафида атиги 2 гло урган ҳужумчи, 2005 йили "Қизилқум" жамоасига ўтди. Бу клубдаги илк мавсумида 14 та гол уриб "иккинчи ёшлиги"ни ўтказди. Бироқ кейинги мавсумда ишлари унчалик юришмади. Бор йўғи 2 та гол уриб, иккинчи даврада "Хоразм"га ўтиб кетди. Урганчдаги ярим йилида эса 3 та гол уриб, яна "Қизилқум"га қайтишга қарор қилди. 2007 йили чемпионатда 11 ўйинда 8 та гол урган Неъматулла фаолиятига якун ясади.

У фаолияти давомида Ўзбекистон чемпионатида 106 та гол киритди. Бу натижа қорақалпоғистонлик футболчилар орасида мутлоқ рекорд ҳисобланади.

Қуттибаев фаолияти давомида "Нефтчи" ва "Пахтакор"да бир мартадан Ўзбекистон чемпиони бўлди. Шунингдек икки марта Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлиб, 3 марта Ўзбекистон вице-чемпиони ва 1 бора кубок финалчиси бўлган. 131 та гол билан эса "Геннадий Красницкий клуби" аъзоси бўлган.

Н.Қуттибаев 2010-2016 йиллар оралиғида Нукуснинг "Орол" жамоасига мураббийлик қилди ва 2018 йилнинг иккинчи ярмида яна клуб мураббийлигига қайтди.

Фурқат Юсупов тайёрлади

Бўлимлар