"Инглиз ва рус тилини билган ходимларимиз бошқалардан кўпроқ маош олади" - Тимур Панаев бунинг сабабини тушунтирди

Нукус шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашига иш сўраб мурожаат қилган ёшларни шу кунги бўш иш уринлари билан таништириш ва ишга жойлаштиришга кўмаклашиш бўйича учрашув ташкил этилгани ҳақида хабар бериб ўтган эдик.

Учрашувда иш берувчилар сафидан жой олган “Панамилк" МЧЖ фермер хўжалиги раҳбари ўринбосари Тимур Панаев билан суҳбатлашдик.

- Ёшлар маркази"да ёшларни иш билан таъминлаш бўйича учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида 15 нафар ёшларга ишга жойлашиш учун йўлланма бердик. Энди улар синов муддати асосида ишлашади ва синовдан муваффақиятли ўтганлар ишга жойлашади. 
- "Панамилк"да ишлаш учун нималар талаб қилинади?
- Инглиз ва рус тилларини яхши билса, ойлик бошқаларга қараганда кўпроқ бўлади. 
- Нима учун?
- Дўконларимизга хорижлик сайёҳлар кўп келишади. Сайёҳлар одатда инглиз тилида гаплашади. Сотувчилар корхонамиз маҳсулотларини тўлиқ тушунтириб беришлари лозим бўлади. Нима учун? Чунки улар ўзлари билган маҳсулотни сотиб олишмоқда. Агар сотувчи бошқа маҳсулотлар ҳақида ҳам маълумот бера олса, улар қўшимча харидларни ҳам амалга оширишади.
- Ходимларга қандай қулайликлар яратилган?
- Бизда ҳаммаси ўз вақтида. Ойлик ҳам, тушлик ҳам. Махсус формалар берилади. Ишлаганига қараб "премия" берилади. Иш режасига қараб ҳафтасига бир кун дам олишади.

Фурқат Юсупов суҳбатлашди

Бўлимлар