Устюртдаги 500 минг сайғоқдан 2700 бош қолди

Устюртда сўнгги 30 йилда сайғоқларнинг бош сони 99 карра камайиб кетган. Ҳозирги кунда Устюртда сайғоқлар сони атиги – 2700 та. 1980 йиллар охирида 250-270 минг бош бўлган. Бир пайтлари баъзи ҳисоб-китобларга кўра Устюртдаги сайғоқлар сони ярим миллионгача етган, дея хабар тарқатмоқда Казинформ.

 

Қозоғистонлик эколог Адилбек Қўзибоқовнинг таъкидлашича, сайғоқларнинг бутунлай йўқ бўлиб кетиш хавфи юқори. Ҳозирги пайтда қўлланилаётган табиатни муҳофаза қилиш механизмлари сайғоқларнинг Устюрт популяциясининг сонини аввалги ҳолатига олиб кела олмайди. Шу сабабли ўлканинг табиатини, сайғоқларни сақлаб қолиш масъулиятини мол боқувчилар билан овчиларга ҳам юклатиш лозим. 

 

"Сайғоқларни сақлаб қолишда эски анъанани қўллаш қўл келиши мумкин", деб ишонмоқда қозоғистонлик мутахассис. “Революциягача бўлган даврда яйлов ерлари бўлган чўпонлар ўзлари яшаётган ҳудудда мол боқиш билан бирга ёввойи ҳайвонларни овлаш билан ҳам шуғулланган”.

 

Маълум бўлишича, Қозоғистонда Устюрт сайғоқларини сақлаб қолиш мақсадида Германиянинг NABU табиатни муҳофаза қилиш ва биохилмахилликни сақлаш иттифоқининг молиявий кўмаги билан «Сайғоқларнинг устюрт популяциясини сақлаш бўйича маҳаллий жамоатчиликни жалб қилиш» лойиҳаси иш бошлаган.

 

Лойиҳани уюштирувчилар тоғ эчкиси, мархур, архор, қўнғир айиқ ва қор қоплони каби йўқолиб бораётган ҳайвонлар турларини ҳимоя қилишга қишлоқ аҳолисини жалб қилаётган Тожикистон ва Қирғизистон давлатларининг тажрибаларига суянмоқда.

 

Тожикистон ва Қирғизистон давлатларининг чекка ҳудудларида истиқомат қиладиган аҳолиси браконьерларнинг ов қилишига тўсиқ бўлиб келмоқда. Эътиборлиси, бир пайтлари ўзлари браконьер бўлган қишлоқ аҳолиси энди ҳайвонотлар оламини тажовузкорлардан ҳимоя қилишга маҳкам бел боғлаган.

 

Тоғ эчкилари ва архорлар сони кўпайган ҳудудларда маҳаллий аҳоли учун баъзи ҳайвонларни овлашга квота берила бошлаган. Шунингдек, бўлинадиган квотанинг бир қисми минглаб доллар ва еврога хорижий овчиларга тақсимланади. Бундан тушадиган даромад қўриқлаш хизматининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ҳамда қишлоқларнинг инфратузилма масалаларини ҳал қилишга ишлатилади. 

 

– Бу усул ҳақиқатдан ҳам натижа бериши мумкин, – дейди «Сайгачий» мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси директори Алписбай Жуманазаров. – Бизнинг ташкилотимиз томонидан ҳам Устюртда жойлашган Қорақалпоғистон, Жаслиқ, Қирққиз, Қибла Устюрт аҳоли истиқомат қиладиган пунктларда бу бўйича тарғибот ишлари амалга оширилиб келинмоқда. Албатта, сайғоқлар бош сони жуда камайиб, инқирозга юз тутган ҳайвон. Уларни сақлаш ҳар бир фуқаронинг вазифасидир.

 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Қорақалпоғистонда сайғоқларнинг икки тури мавжуд: биринчиси кўчманчи сайғоқлар. Улар Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон чегараларидан ўтиб юради. Иккинчиси, маҳаллий сайғоқлардир. Улар доимо Ўзбекистон ҳудудида юради.

 

9fc4e5c0-6417-4b65-9c52-7e17d5aac59c.jpg

 

Кўчманчи сайғоқларнинг чегаралар оша кўчиб юришига шароит яратиш мақсадида Қозоғистон билан чегарада 12 ярим км. жой очиб қўйилган. Ўтган йили ноябрь ойида мажмуа буюртма қўриқхонаси инспекторлари томонидан ўтказилган рейдда Устюрт текислигининг Олманбет ҳудудида (Орол денгизи атрофи) кўчманчи сайғоқларнинг 70-80 боши қайд қилинган. Мўйноқ туманининг Акбеткей, Тахтакўпир тумани ҳудудидаги Хитойқазған ҳудудларида эса маҳаллий сайғоқларни учратган. 

 

– Сайғоқлар ўта ҳуркак ҳайвондир, – дейди Алписбай Жуманазаров. – Сайғоқлар яшайдиган ҳудудга одам фактори пайдо бўлиши ёки цивилизациянинг етиб бориши уларнинг ҳуркишига сабаб бўлади. Шунинг учун, ушбу ҳудудларда чорвачилик фермерлигини, экотуризмни ташкил қилиш, геологик қидирув ишларини олиб бориш ва ҳоказолар фақат «Сайгачий» мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси билан келишилган ҳолда йўлга қўйилиши керак.

 

Мажмуа буюртма қўриқхонаси инспекция бошлиғи Байрам Утеулиевнинг таъкидлашича, сайғоқларни яшайдиган жойларига вақти-вақти мониторинг ўтказилиб келинмоқда. Ноқонуний овдан ҳимоя қилиш мақсадида қўриқланадиган ҳудудларга фотоускуналар қурилган. Бизнинг ташкилотга ушбу ишларимизни янада такомиллаштириш мақсадида қуёш батареяси, дрон, узоқдан расмга олиш имкониятига эга фотоаппарат ва бошқа ускуналар зарур.

 

Эслатиб ўтамиз, «Сайгачий» мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси 2016 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ ва Қўнғирот туманлари ҳудудида жойлашган «Сайгачий» буюртмахонаси негизида табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклида ташкил этилган бўлиб, мазкур мажмуа буюртма қўриқхонасига умумий майдони 628 300 гектар бўлган ер участкаси доимий фойдаланишга ажратиб берилган, унинг қўриқланадиган зонаси майдони 219 800 гектар этиб белгиланган бўлиб, унга Устюртнинг Белеули, Чуруқ, Олманбет, Жийдали, Дувона ҳудудлари киради. Кўчманчи сайғоқлар айнан ушбу ҳудудларда май – апрель ойларида кўпаяди.

Есимқан Қаноатов, ЎзА

Бўлимлар