Чимбойдаги сайёр судда фуқаронинг яшаш шароити ўрганиб чиқилиб, жазодан озод этилди

Чимбой тумани “Қизил ўзак” ОФЙда жойлашган 17 сонли мактабда маҳалла фаоллари ва бошқа фуқаролар иштирокида сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Жиноят ишлари бўйича Тахтакўпир туман судининг раиси Ж.Уразбаев раислигида маъмурий жазо қўлланилганидан кейин умумий фойдаланишдаги электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб, жиноят содир қилган А.Мырзамбетов оид жиноят иши кўриб чиқилди.

Сайёр суд мажлисида гувоҳлар сўроқ қилиниб, иш ҳужжатлари тафтиш қилиниб, тарафлар музокарасидан кейин судланувчининг қилган ишидан пушаймон бўлгани, кечирим сўрагани, у электр тармоқларига мажбурликдан иссиқ овқат тайёрлаш мақсадида шундай қилишга мажбур бўлгани ва бошқа холатларни инобатга олиб суд одиллик принципига кўра иш тутиб, А.Мырзамбетовнинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши муносабати билан жазодан озод қилинди.

Суд томонидан Чимбой туман хокимлигига тақдимнома чиқарилиб, А.Мырзамбетов яшаш шароити билан танишиб чиқиб, қонунда кўрсатилган тартибда унинг даволаниш, иш билан таъминлаш ва оиласидаги муҳитни яхшилаш юзасидан амалий ёрдам кўрсатиш бўйича чора тадбирлар ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

Судда аниқланишича А.Мырзамбетов ўзи билан оғир хасталик билан касалланган акаси ва укаси билан яшаб, унинг ўзи ўпка сил касаллиги билан даволаниб келиши ва шу бўйича рўйхатда туриши, у электр тармоғига мажбур бўлганидан улангани, мажбурий ижро бюроси томонидан ўзбошимчалик билан улангани бўйича далолатнома расмийлаштирилиб, маъмурий жавобгарликка тортилиб, кейин орадан вақт ўтиб қайта электр тармоғига ўзбошимчалик билан улангани аниқланган, лекин А.Мырзамбетов ўз кўрсатмасида бундай қилишга мажбур бўлгани, иссиқ овқат қилиш учун электрга улангани электрдан бошқа мақсадда фойдаланганмагани, моддий аҳволи қийинлигини айтиб ўтган.

Жавобгарликнинг муқаррарлик принципи ҳар доим ҳам жазо қўлланилиши шартлигини англатмаслиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленум қарорларида хам раҳбарий тушунчалар берилган, судлар томонидан ушбу талаблардан келиб чиқиб ишларни кўришда иш холатидан келиб чиқиб ёндашаётгани ўз аксини топмоқда.

Бўлимлар