Миздакхон қалъа очиқ осмон остидаги музейга айланади

ЎзМТДП гуруҳи ташаббуси билан халқ депутатлари Хўжайли туман кенгаши сессияси  бу борада қарор қабул қилди Юртимиз ўзининг бой тарихи, шонли ўтмиши, буюк алломаларию муаззам шаҳарлари билан дунё жамоатчилиги, илм аҳли ва сайёҳларни жалб этиб келмоқда.

Мамлакатимиз ҳудудида жами 7 минг 345 моддий-маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, шундан 4 минг 124 таси археология, 2 минг 277 таси архитектура объектлари, 657 таси монументаль санъат асарлари, 287 таси диққатга сазовор жойлар ҳамда 53 таси номоддий маданий мерос объектлари ҳисобланади.

Мустақиллик йилларида бой маданий меросимиз, тарихий обидаларимиз, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни асраб-авайлаш, қайта тиклаш ва ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратиб келинаётир. Узоқ ўтмишимиз, бой тарихимиздан дарак берувчи масканлар тарихини ўрганиш, тарғиб қилиш, уларга сайёҳлар ҳамда ёшларни кенг жалб этиш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг сайловолди Платформасида мавжуд маданий ёдгорликларни, Ўзбекистон шаҳарларининг тарихий қиёфасини сақлаб қолишда самарали чора-тадбирларни амалга ошириш, тарихий жойлар, меъморий ёдгорликларни бутун инсоният учун қимматли осори атиқалар сифатида асраб-авайлаш, қайта таъмирлаш, тарихий, маданий ва илмий-интеллектуал меросни асраш билан бирга бойитиш ҳамда уларни янада кўпайтиришга кўмаклашиш муҳим вазифа сифатида белгиланган. Шу боис, партия¬мизнинг барча даражадаги ташкилотлари ва депутатлари ўз фаолияти давомида ушбу масалаларга устувор аҳамият қаратмоқда, тарғибот тадбирларида юртимиз тарихи, бой маънавий, маданий мероси, буюк алломаларимиз даҳоси, айниқса, ёшларга кенг тушунтирилмоқда. 

Бу борадаги саъй-ҳаракатларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги ЎзМТДП гуруҳларининг ташаббусларини алоҳида эътироф этиш жоиз. Яъни, 2016 йилнинг ўзида маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш билан боғлиқ ўндан ортиқ ташаббус-масала партия гуруҳларимиз томонидан сессиялар кун тартибига киритилди ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилиниб, жойларда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларида ЎзМТДП гуруҳлари ташаббуси билан “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг ҳудуддаги ижроси кенг муҳокама қилинмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси ўзига хос табиий иқлим шароити, бой ўтмиши, тарихий қалъа ва тепаликлари, қадимий ёдгорликлари билан сайёҳларни ўзига жалб этиб келади. 2012-2014 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги моддий маданий мерос обидаларини тўлиқ қайта рўйхатдан ўтказиш ишлари амалга оширилди. Ҳудуддаги 245 маданий мерос объекти давлат муҳофазасига олинган бўлиб, улардан 46 таси меъморий, 117 таси археологик ёдгорлик ва 82 таси монументаль санъат асаридир. Қорақалпоғистоннинг турли ҳудудларида жойлашган Миздакхон қалъа, Тупроққалъа, Аёзқалъа, Жамбасқалъа, Бозорқалъа, Қумбасқан қалъа, Қўйқирилган қалъа, Чилпиқ каби қадимий ёдгорликлар, Султон Увайс бобо мажмуаси, Чинор бобо ва Валий ота, Довуд ота зиёратгоҳлари истиқлол йилларида қайта таъмирланиб, ободонлаштирилди. Ушбу масканларга ташриф буюрувчилар сони ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Халқ депутатлари Хўжайли туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутатлар “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг тумандаги ижросини таъминлаш борасида Кенгаш сессияси кун тартибига ташаббус-масала киритди. Сессияга қадар тумандаги маданий мерос объектлари ҳолатини ўрганилиб, таҳлил қилинди. Жумладан, туман ҳудудидаги Миздакхон қалъа тарихий археологик мажмуаси ва унинг таркибидаги Нозлимхон сулув сингари қатор мақбаралар ва қалъалар муҳофазасига эътиборни янада кучайтириш зарурати ўрганилди.

Сессия йиғилишида халқ депутатлари Хўжайли туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Ҳожибой Отажонов маъруза қилди. Туман маданият ва спорт ишлари бўлими мудири Ж.Джемуратов мазкур қонун ижросини таъминлаш бўйича ҳудудда олиб борилаётган ишлар хусусида ахборот берди. Ушбу масала депутатлар ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида қизғин муҳокама қилинди, таклифлар билдирилди. Қайд этилган фикр ва таклифлардан келиб чиқиб, сессия қарор қабул қилди. Унга кўра, туман ҳокимлиги, туман маданият ва спорт ишлари, ободонлаштириш бўлимлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар биргаликда тумандаги барча маданий мерос объектлари ҳолатини ўрганиб чиқиб, уларни муҳофаза қилиш, сақлаш, фойдаланиш, қайта таъмирлаш, атрофини ободонлаштириш, чегараларини белгилаш, давлат кадастридан ўтказиш ишларини амалга ошириши лозимлиги белгиланди. Жумладан, Миздакхон қалъа тарихий археологик мажмуаси давлат муҳофазасига олингани ҳисобга олиниб, унинг ҳудудидан фойдаланишга чек қўйиш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш ҳудудий давлат инспекциясига объектга олиб борадиган йўл бўйида ва унга кириш жойидаги ёзувларни қайта тартибга келтириш ва ўрнатиш, ён-атрофини ободонлаштириш, манзарали дарахтлар ўтқазиш ҳамда соҳага оид қонунчилик ижросини назорат қилиш вазифаси юклатилди. Туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими ва бошқа тегишли ташкилотлар Миздакхон қалъа тарихий археологик мажмуаси атрофини ободонлаштириш масаласини ҳал этиш ҳамда ерости сувлари таъсирини камайтириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни кўриши таъкидланди.

Туман ҳокимлиги зиммасига ЎзРФА Қорақалпоғистон бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирлиги, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекцияси билан биргаликда Миздакхон қалъа тарихий археологик мажмуаси ҳудудида этно-археологик қидириш ишларини ташкил этиш вазифалари юклатилди. Шунингдек, туман хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими, “Камолот” ЁИҲ туман кенгашига ўзаро ҳамкорликда ёшлар ўртасида маданий мерос объектлари тарихи, аҳамияти борасида тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш вазифаси топширилди.

Таъкидлаш жоиз, сессия қарорида белгиланган вазифалар ЎзМТДП дастурий мақсад-вазифалари ижросига хизмат қилади. Зеро, партия миллий ўзликни англаш, миллий-маънавий тикланиш жараёнида фаол иштирок этиш, бу борада аждодларимизнинг ақлу закоси, илму тафаккури ҳосиласи бўлган минглаб моддий ва номоддий маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, бойитиш, Ватанимиз тарихини чуқур ўрганиш ҳамда ёш авлод вакиллари ўртасида кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Партия ташкилотлари ва депутатларимизнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари ёш авлод вакилларида миллий ғурур ва қадр-қиммат туйғуларининг мустаҳкам қарор топишида, “Биз ким эдик ва бугун қандай даражага эришдик, қандай бебаҳо қадриятларга ворисмиз?”, деган саволларнинг жавобини чуқур англаб етишларида муҳим аҳамият касб этади.

Ҳожибой Отажонов,
халқ депутатлари Хўжайли туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат: 

— ЎзМТДП сайловолди Платформасида тарихий-маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, келажак авлодга етказиш, уларнинг аҳамияти, тарихини ўрганиш ва тарғиб этишга кўмаклашиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Ушбу дастурий вазифалардан келиб чиқиб, туманимиздаги маданий мерос объектлари ҳолатини чуқур ўргандик, ўз таклифларимизни билдирдик. Таъкидлаш жоиз: партия ташкилотларимиз билан биргаликда “Юртим тарихини ўрганаман” шиори остида “Тарихдан садо берувчи обод гўшалар” ёшлар акциясини янада кенгроқ, фаол ёшлар иштироки ва ташаббускорлигида мунтазам ўтказишимиз лозим.

Сессияда  Миздакхон қалъа тарихий археологик мажмуаси ҳудудини ободонлаштириш ҳамда уни очиқ осмон остидаги музейга айлантириш тўғрисидаги таклифлар маъқулланди. Умуман, бу каби таклифлар ҳамда қарорда белгиланган вазифалар ЎзМТДП ғоя ва мақсадлари билан ҳамоҳанг, дастурий вазифаларимизнинг амалдаги рўёбига хизмат қилиши билан эътиборга молик.

Муҳтарама Комилова,
“Milliy tiklanish” мухбири

mt.uz

Бўлимлар