Жаҳон чемпионати атмосфераси деярли сезилмайди, «Наъмунавий уйлари» йўқ. Санкт-Петербургга медиа-тур (Фурқат Юсупов блоги)

20 июнь. Эрталаб 4:00 да аэропорт томон йўлга чиқдим. Орадан 20 дақиқа ўтгач Тошкент халқаро аеропортига етиб бориб, у ерда делегациямиз аъзолари билан биргаликда танишдик.

Соат 06:20 да самолёт ҳавога кўтарилди. Сафар муносабати билан 2 кундан буён ухламаганим учун самолётда мириқиб бўлмаса ҳам, бироз ухлаб олдим.  5 соатлик парвоздан сўнг Санкт-Петербургдаги аэропортга қўндик. Тошкент вақти билан соат 11:20 бўлса, Россия вақти бу пайтда 9:20 ни кўрсатиб турар эди. Аэропротдан чиқиш учун 55 дақиқа вақт сарфладик. Бизни яхши кутиб олишди.

10:25 да йўлга чиқдик ва 20 дақиқадан сўнг "Гранд Петергоф" меҳмонхонасига келиб жойлашдик. Бизни хурсанд қилгани бу ерда ишлаётган уч нафар ходим Ўзбекистондан экан. Навоий туманидан келиб ишлашаётган эканлар.

11:20 да яна йўлга чиқдик. Йўл бўйи бир-биридан узун дарахтларни кўриб ҳайратга тушдик. Табиатга гап йўқ.  Хоҳлаган жойда "Love story" туширса бўларкан. Хоҳлаган жойда расмга тушишингиз мумкин. Қаерда расмга тушсам чиройли чиқаркан деб ўйлаб ҳам ўтирмайсиз. Лекин бизда расмга тушиш учун имкон бўлмади. Йўлда давом этдик.

Мени хайратлантиргани светафорларда қизил чироқ кўпроқ ёниб турар экан. Бир сафар 7, иккинчисида эса нақд 9 дақиқа яшил чироқни кутиб туриш билан вақт ўтказдик. Иккинчисида поезднинг ўтиб кетишини кутган эканмиз.

12:30 да Ломоносовдаги ўлкашунослик музейига етиб келдик.  Музей деса негадир картинкалар кўз олдимга келарди. Бу ердаги музей эса мени хайратлантира олди. Ўзимни худди тарихга тушиб қолгандек ҳис қилдим.

 

13:40 да музейдан чиқиб, тушлик учун "Фаворит" кафесига овқатланиш учун кирдик. Энг қизиғи бу кафедагиларнинг фақат битта официантидан бошқа ҳаммаси ўзбеклар экан. Қирғизистон ва Андижондан келиб, шу ерда кафе очишган. Ҳа Санкт-Петербургда ҳудди ўз уйимизда юргандек ҳис қиляпман ўзимни. Аэропортда такси ҳайдовчилари ўзбекча кутиб олишганди, меҳмонхонада ходимлар ўзбек экан, энди эса кафеда ҳам ўзбеклар. Шу ерда Обид Асомовнинг битта латифаси эсимга тушиб кетди. "Қаерга борма, ҳамма жойда ўзбеклар". Ўзга юртда ўз юртдошингни кўрсанг, отангни кўргандай хурсанд бўлиб кетаркансан.

 

15:10 Санкт-Петербург шаҳри маркази томон йўлга чиқдик. Петербург ўзига хос архитектурага эга шаҳар. Бу ерда "наъмунавий тип"даги бир хил уйлар йўқ. Бир бино иккинчисини такрорламайди. Зерикмайсан.

16:10 да футбол бўйича Жаҳон чемпионати-2018 волонтёрлари билан учрашдик.

50 дақиқалик учрашувдан сўнг меҳмонхонамиз томон қайтдик. Йўлда мени хайратлантирган нарса шу бўлдики, кўчаларда реклама баннерлари деярли йўқ, Ора-орада концерт ёки театр афишасини кўриш мумкин. Жаҳон чемпионати атмосфераси деярли сезилмайди. Санкт-Петербургга келишдан олдин, ҳамма жойда жаҳон чемпионати баннерлари, умуман олганда ҳамма жойда мундиал атмосфераси сезилиб турса керак деб ўйлаган эдим. Адашибман. Фақатгина 3-4 та жойда мундиал учун махсус жойлар, баннерлар ўрнатилган экан. Қолган жойларда ҳаёт тинчгина давом этмоқда. Футболга қизиқмайдиган одам Питерга келса, бу ерда 4 йилликнинг энг муҳим мусобақаси жаҳон чемпионати бўлаётганини билмаса ҳам керак.

Хуллас, Санкт-Петербургдаги биринчи кунимиз яхши ўтди. 22 июнь куни бизни бир нечта учрашувлар кутиб турибди.

Дарвқеа, Петербургга нима учун келганимизни ёзмабманку. Ўзбекистондаги 6 нафар блогер учун Россия медиа-тур ташкил этиб берди. Бу ҳақда кейинроқ яна батафсил маълумот бериб ўтаман.

Фурқат Юсупов

Бўлимлар