Нукусда янги маҳалла бинолари фойдаланишга топширилди

Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Нукус шаҳридаги “Бўзовул” ҳамда “Гўнеқалъа” маҳалла фуқаролар йиғинларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди. 

Тадбирда миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, халқимизнинг қадимий урф-одат ва анъаналари, ўзига хос бошқарув ва ижтимоий ҳимоя тамойилларини ўзида мужассам этган маҳалланинг ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, оилаларни мустаҳкамлаш ва ҳудудда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда ўрни беқиёс экани таъкидланди. 

– Янги бинода барча қулайликлар яратилган, – дейди “Бўзовул” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахт Қўсимбетов. – Мажлислар зали, раис ва котиб, маслаҳатчи ва посбон учун алоҳида хоналар ажратилган. Барчаси замонавий мебель ва ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган. Бу ишимизни янада самарали ташкил этишга хизмат қилади. 

“Гўнеқалъа” маҳалласининг янги биносида ҳам замонавий шароитлар яратилган. Бу маҳалла фаоллари фаолиятини янада самарали ташкил қилишда қулайлик туғдиради. 
 

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА

Бўлимлар